Нукус халқаро аэропортида самбо бўйича жаҳон чемпионлигини қўлга киритган спортчимиз Клара Дарменбоева тантанали кутиб олинди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда мамлакатимизда навқирон авлоднинг ҳар томонлама соғлом улғайиши учун яратилаётган кенг имкониятлар ёшларимизнинг халқаро майдонда юксак марраларни қўлга киритишида муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Жорий йилнинг 12-16 октябрь кунлари Сербияда ўтказилган самбо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида ёш спортчимиз Клара Дарменбоева 60 килограмм вазн тоифасида гиламга тушиб, барча рақиблари устидан ишончли ғалабани қўлга киритди ва олтин медалга сазовор бўлди.
– Элликдан ортиқ мамлакатдан спортчилар иштирок этган чемпионатда Сербия, Польша ва Россия давлати вакиллари билан беллашдим, – дейди К.Дарменбоева. – Финалда россиялик тенгдошим устидан ғалаба қозониб, ғолиб бўлдим. Давлатимиз мадҳияси янграб, байроғимиз кўтарилганида кўзларимга севинч ёшлари келди. Буларнинг барчаси юртимизда спортга қаратилаётган доимий эътибор самарасидир. Менинг бу муваффақиятимда устозим Байрам оға Дўсбергеновнинг хизматлари катта.
– Шогирдимнинг қўлга киритган ютуғидан беҳад хурсандман, – дейди мураббий Б.Дўсбергенов. – Клара 8 йилдан буён самбо билан шуғулланади. Унинг имкониятлари катта. Келгусида янада улкан зафарларга эришишига ишонаман.
Нукус туманида туғилиб, машҳур полвон Сангсизбой Юсупов мактабида самбо сирларини пухта эгаллаган Клара Дарменбоева Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг педагогика факультетида таҳсил олмоқда. У келгусида устозлари сингари ёш авлодга ушбу спорт тури сирларини ўргатиб, халқаро майдонда Ватанимиз шаънини улуғлайдиган спортчилар тарбиялашни асосий мақсади деб билади.
Аминбой Ортиқбоев, ЎзА