​Пара Осиё ўйинлари ғолиб ва совриндорларига мукофотлар топширилди

Жорий йилнинг 6-13 октябрь кунлари Индонезиянинг Жакарта шаҳрида III Параосиё ўйинлари бўлиб ўтганидан хабарингиз бор.
Ушбу нуфузли мусобақада ўзбекистонлик паралимпиячилар ҳар қачонгидан муносиб иштирок этиб, умумий ҳисобда 77та, яъни 35та олтин, 24та кумуш ва 18та бронза медалларини қўлга киритишганди. Бу билан Ўзбекистон спорт делегацияси Параосиё ўйинларида медаллар сони ва сифати бўйича ҳам ўз рекордини янгилади.
Бугун пойтахтимиздаги муҳташам Олимпия шон-шуҳрати музейида ана шу ўйинларда муваффақиятли иштирок этган паралимпиячиларимизни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган «III Параосиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш тўғрисида»ги фармойишига биноан олтин медаль соҳиблари 5 000кумуш медални қўлга киритган спортчилар 3 000, бронза медалига эга чиққан параатлетлар эса 2 000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланишди. Совриндор спортчиларнинг мураббийлари ҳам фармойишга асосан (олтин – 2 500, кумуш – 1 500, бронза 1 000 АҚШ доллари) мукофотга сазовор бўлишди.
Тадбирда енгил атлетикачи Ҳусниддин Норбеков, сузиш бўйича терма жамоамиз аъзоси Фотимахон Амилова ҳамда дзюдо бўйича мураббий Ҳасан Қосимов сўзга чиқиб, кўрсатилган эътибор ва ғамхўрликдан хурсанд эканликлари, 2020 йилда Токиода ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида халқимиз ишончини оқлаб, юртимиз байроғини янада юқори кўтаришга ҳаракат қилиш ниятида эканликларини айтиб ўтишди.

 

Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА