Ўқувчиларда бадиий адабиётга бўлган қизиқишни ошириш, ёшлар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида мактабларда туркум маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш йўлга қўйилган.
Шундай тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Миробод туманидаги 328-сонли мактабда бўлиб ўтди. Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган тадбирда шоир-ёзувчилар, педагог ва ўқувчи ёшлар, адабиёт ихлосмандлари иштирок этди.
Тадбирда улуғ адиб ижодий меросининг аҳамияти, асарларида илгари сурилган юксак инсоний фазилатларнинг ёшлар маънавий камолотидаги ўрни хусусида сўз юритилди.
– Улуғ адибнинг “Жамила”, “Сарвқомат дилбарим”, “Бўтакўз”, “Биринчи муаллим”, “Момо ер”, “Сомон йўли”, “Алвидо, эй Гулсари”, “Оқ кема”, “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”, “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси”, “Чўққида қолган овчининг оҳу зори“ каби кўплаб асарлари ўзбек тилига ҳам таржима қилинган ва ҳаммамиз ана шу бебаҳо меросдан баҳраманд бўлиб келяпмиз, – дейди шоир Шодмонқул Салом. – Унинг асраларида болалик ва ўсмирлик дунёси чуқур талқин этилган. Бу асарларни ўқиган инсон оқ ва қора, эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги фарқни яхши англайди ҳамда китобхонда умуминсоний ва миллий қадриятларга ҳурмат ҳиссини камол топтиради.
Атоқли адибнинг ҳаёти ва ижоди акс этган саҳна кўринишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Шунингдек, дилбар куй ва тароналар тадбирга ўзгача кўтаринки руҳ бағишлади.