Ўзбекистон халқ ёзувчиси Туроб Тўла таваллудига 100 йил тўлди

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари, икки қардош халқ ўртасидаги қадимий дўстлик ришталари ҳамиша улуғланиб келинади. Қардош элларнинг сув-ҳавоси, тупроғи бир, қарашлари-ю, истеъдоди билан барчага манзур бўлган етук фарзандлари бир саналади. Шу кунларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Туроб Тўла таваллудига 100 йил тўлди.
Қўшиқчи шоир ва драматург Туроб Тўла 1918 йил Қозоғистон Республикаси Чимкент вилоятига қарашли Турбат қишлоғида, деҳқон оиласида туғилиб, болалар уйида тарбияланди. 1935-1941 йилларда Тошкент педагогика институтининг кечки бўлимида таҳсил олди. Сўнгра Ўзбекистон Давлат нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон радиосида бўлим бошқарувчиси, «Ўзбекфильм» киностудиясида адабий бўлим мудири, Республика киночилар уюшмасида котиб,Санъат ишлари бошқармасида бошлиқ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси қошидаги адабиёт тарғиботи марказида раҳбар ва бошқа шу каби масъул лавозимларда фаоллик кўрсатди.
Туроб Тўла шеър ёзишни 1934 йиллардан бошлаган. 1939 йилда унинг биринчи шеърлар тўплами босилган.
1941-1945 йилларда у ҳарбий мавзудаги шеърлари билан халқимизнинг фашизмга бўлган нафратини ифодалади. Шоирнинг «Шодлигим» (1941), «Табассум» (1944) тўпламларидаги шеърлар ҳам қаҳрамон жангчиларга бағишланган.
«Сув ичирмасга сут ичир», деган гап атай Туроб ака учун ўйлаб топилгандек эди, – дея ёдга олган Туроб Тўланинг яқинларидан бўлган шоир Саъдулла Сиёев. – Билишимча, дўстларига қандай хизмат қилса, рақибларини ҳам рози қилишга уринарди. Бир куни сўрадим: «Ака, фалончини нега бунча эркалатасиз, у сизни унча ёқтирмайди?». Туроб ака кулди: «Унча ёқтирмаса, демак, сал-пал ёқтирар экан-да. Кел, шуям хурсанд бўлсин, Туроб ака мени олалади, демасин. Кенгроқ бўлаверайлик, кенгга – кенг дунё…»
Туроб Тўланинг «Бахт тонготари» (1948), «Сенинг ҳақингда», «Қанот қоқинг, қўшиқларим», «Камалак», «Нафосат» тўпламлари кўпгина шеър ва мақолаларни ўз ичига олган.
У «Болалар достони» (1950) номли асарида мактаб ва дўстлик ҳақида ҳикоя қилади. 1955 йилда Туроб Тўла «Қанотлан, қўшиқларим» шеърлар тўпламини ўқувчиларига тақдим этди. Унинг қўшиқ учун ёзилган ёқимли, жарангдор шеърлари замонамиз кишиларининг юрагига ҳамоҳангдир. У қўшиқчи шоир сифатида, айниқса, машҳур бўлган.
Туроб Тўла бир қанча киноқиссалар, жумладан, «Раис», «Марғилонлик қиз», «Талант», «Мафтунингман», «Фурқат», «Шашмақом» «Тўққизинчи аср монологи», «Қаҳр» фильмлари сценарийсини яратишда иштирок этган, айримларини ўзи ёзган.
Туроб Тўла драматург сифатида ҳам машҳур бўлиб, унинг «Қари қиз», «Қизбулоқ», «Момо Ер» (Ч.Айтматов асари асосида), «Нодирабегим», «Қаҳр» пьесалари республика театрларида қўйилди. Шунингдек, у «Зулматдан зиё» (Ойбекнинг «Қутлуғ қон» романи асосида) операси ҳамда «Самарқанд афсонаси» балети либреттоларини ёзган.
«Раҳматли кўп яхши одам эди. Ёзувчилар уюшмасида ҳар ўн беш кунда эринмай ёшларнинг шеърият кечасини олиб борар, шу сабабданми, феъли навқирон – ёшлар билан жуда чиқишиб кетарди», дея ёдга олади Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим.
Улуғ драматург Туроб Тўла 1990 йилда оламдан ўтган бўлса-да, унинг ижодий намуналари нафақат юртимиз учун, балки кўплаб халқлар учун ўлмас адабий меърос бўлиб яшайверади.
ИШҚ БОРКИ…
Ишқ борки гўзал олам, у кўзлар қароғинда,
У борки кўнгил сўнмас ҳаттоки фироғинда.
У борки баҳор ҳаргиз боғлайди яранг гулдан,
Масъуди, малолинг ҳам қош ила қовоғинда.
Дашт бирлан ўтиб кетди бир оҳу мисол наврўз,
Лолаи гулобингни эзғилаб оёғинда.
Қолмишди яқо йиртиб баргинда тиниқ, шабнам,
Гўёки фиғонидин ёш эрди ёноғинда.
У тобе этар гўё бахтингни қилиб гулхан,
Оламга баён айлаб машъали маёғинда.
Қанча дарди-ҳасрат бор, қанча қулфи тилсимот,
У узган кўнгил торин ҳар битта улоғинда.
Барчасин билар кўнгил, барчасин этар барҳам,
У боис ривоятлар эл-юрти қулоғинда!
АЙТ ЁШИНГНИ СЎРАМАСИНЛАР
Кимдир биров ёшингни сўрди,
Қандай золим экан, алҳазар!
Юрагимга гўё тош урди,
Айт, ёшингни сўрамасинлар!
Ярашмайди қаримоқ сенга,
Ёшинг сўраб қаритмасинлар.
Солмасинлар уни эсингга,
Ёшлигингни аритмасинлар.
Айт, ёшингни сўрамасинлар,
Келмасинлар табриклашга ҳам.
Риёкордир, риёкор улар,
Риёкордан қўрққин, жонгинам.
Айт, ёшингни сўрамасинлар!
АЛЬБОМИНГГА
Мардлик билан ўлсам, унутма,
Фиғон этиб тўкма қонли ёш,
Эккан гулларимни қуритма,
Қўй, уларни асрасин қуёш!
Мендан қолсин жонли хотирот,
Гулларимни қилгил парвариш.
Мендан қолсин элга яхши от,
Вафодорлик ва мардона иш.
ОНАИЗОР
Яхши сўз чиққай юракнинг қаъридан,
Бормикин баҳр олмаган ёр баҳридан!
Бормикин иссиқ, илиқроқ бир бағир
Олам ичра онаизор бағридан!
Эй, жанубга талпиниб учган хаёл,
Соғинишдан ўртаган бағримни ол,
Онаизоримни этгил бахтиёр,
Интизор у, интизор у, интизор!
Лочининг бор, деб онамни шод қил,
Айрилиқнинг дардидан озод қнл.
Бахт бўлиб, оро бўлиб кир бағрига,
Бағрини гул, кўнглини обод қил.
Айланур тун бағри тўлган ой билан,
Айланур бош ўйнаб оққан сой билан!
Бахт келур, бахтинг келур, кутгил, она,
Ҳар на келгай жанг билан, ҳам жой билан.
Яхши сўз чиққан юракнинг қаъридан,
Бормикин баҳр олмаган ёр баҳридан!
Бормикин иссиқ, илиқроқ бир бағир
Олам ичра онаизор бағридан!

 

Абдулазиз Рустамов, ЎзА