Тошкент шаҳрида 2017 йил 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар адлия вазирларининг бешинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари – Ҳиндистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлари, Хитой Халқ Республикаси адлия вазири ўринбосари ҳамда ШҲТда кузатувчи мақомига эга давлатлар – Афғонистон Ислом Республикаси, Беларусь Республикаси ва Эрон Ислом Республикаси адлия вазирлари иштирок этди.
Шунингдек, ШҲТ Бош котиби ўринбосари ва ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси директори ўринбосари қатнашди.
Мажлисда ШҲТга аъзо давлатлар адлия вазирларининг қонун устуворлиги, фуқаролар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ушбу соҳада тажриба алмашиш борасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштиришга қаратилган қатор долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, фуқаролар ва бизнесга юридик хизмат кўрсатиш сифатини изчил юксалтириш бўйича узоқ муддатли стратегияни ишлаб чиқиш, ШҲТ маконида инвестицияларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон томони ташаббусига кўра инвестициявий қонунчиликни такомиллаштириш, инвестиция киритишни енгиллаштириш ва ушбу жараёндаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича қўшимча ҳуқуқий шароитларни яратиш масалалари қизғин муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, ШҲТга аъзо давлатлар фуқаролари учун фуқаролик ва оила масалалари бўйича ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, сўровлар сифатини ошириш ва улар ўз вақтида кўриб чиқилиши механизмини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Бу жамиятда қонунийликни таъминлаш ва фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини самарали ҳимоялашга хизмат қилади.
Кун тартибидан ўрин олган яна бир муҳим мавзу жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларини кўриб чиқишнинг замонавий усулларини жорий этишдир. Шу муносабат билан мажлис қатнашчилари ва меҳмонларига Ўзбекистонда жорий этилган халқ билан мулоқотнинг дунёда ўхшаши бўлмаган янги самарали тизими ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ташкил этилган Халқ қабулхоналари фаолияти, мазкур жараённи кўриб чиқувчи ва назорат қилувчи амалий механизмлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг махсус хизмати раҳбарлигидаги кучли институционал база мажлис иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Шу боис Халқ қабулхоналаридан бирининг фаолияти билан танишишга қарор қилинди.
Учрашувда ишчи гуруҳларнинг суд экспертизаси ва ШҲТга аъзо давлатларга юридик хизматлар кўрсатиш соҳасида ҳамкорлик қилиш борасидаги фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ҳуқуқий механизмлар тасдиқланди.
Мажлис якунида ШҲТга аъзо давлатлар адлия вазирлари томонидан Қўшма баёнот имзоланди. Ушбу ҳужжатда Шанхай ҳамкорлик ташкилотини 2025 йилгача ривожлантириш Стратегиясига тўла мос келадиган, ташкилотга аъзо давлатлар Адлия вазирликлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга мўлжалланган асосий йўналишлар ўз ифодасини топган.
Қўшма баёнотда томонлар Ўзбекистон Республикаси давлат ва ижтимоий ҳаётининг барча соҳалари, жумладан, суд-ҳуқуқ тизими, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ижроси доирасида жадал амалга оширилаётган демократик ўзгаришларга юксак баҳо берди. Таъкидланганидек, мазкур ислоҳотлар бугунги кунда барча мамлакатлар учун муҳим ҳисобланган қонун устуворлигини таъминлаш, жамиятда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, тадбиркорлик субъектлари ва хорижий сармоядорларнинг фаолиятини ишончли ҳимоя қилишда муҳим омил бўлади.
Мажлис ишчан, дўстона ва ўзаро ишонч руҳида ўтди.
Анжуман якунида адлия вазирлари юксак даражада ташкиллаштирилган тадбир учун миннатдорлик изҳор қилди. Иштирокчилар томонидан илгари сурилган барча таклифлар ўзининг амалий ифодасини топишига ва белгиланган вазифаларни рўёбга чиқаришда таъсирчан механизмга айланишига ишонч билдирди.
Мажлис доирасида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Ҳиндистон, Қирғизистон, Покистон Ислом Республикаси, Эрон Ислом Республикаси адлия вазирлари ҳамда Хитой Халқ Республикаси адлия вазири ўринбосари билан икки томонлама музокаралар ўтказди.
ШҲТга аъзо ва кузатувчи давлатлар адлия вазирлари шу куни Тошкент давлат юридик университети фаолияти билан ҳам танишди.
Делегациялар аъзолари 21 октябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрини зиёрат қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд шаҳридаги Халқ қабулхонаси, нотариал идора ва никоҳ уйи фаолияти билан танишади, шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини томоша қилади.