Шунингдек, “Эски шаҳар гаврошлари” (1998) каби жиддий комедия яратди. Сўнгги вақтда унинг “Тақдир эшиги” драмаси майдонга келди. Айниқса “Темир хотин” пьесаси адибга катта шуҳрат келтирди. Унда фан-техника ривожи даврида инсон онги, дунёқараши, руҳиятида содир бўлаётган жиддий ўзгаришлар ҳажвий йўсинда умумлаштириб берилган. Адибнинг шу асари асосида кинофильм ҳам яратилди (1990). Шунингдек, у “Шариф ва Маъруф”, “Юзсиз” (1993), “Тилла бола” (1994) каби фильмларнинг сценарийларини ёзишда ҳам иштирок этди.У “Масхарабоз” (1996), “Фарҳод ва Ширин” фильмларининг сценарийсини ёзиш баробарида режиссёр сифатида ҳам ижод қилди. “Чархпалак” номли 60 лавҳали видеофильмни ҳам яратди.
Шунингдек, “Тентак фаришталар” (1995), “Зўрдан зўр чиқса” (1996) каби саҳна асарларини ёзди. Унинг “Темир хотин” асари 1989 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг М.Шайхзода номидаги йиллик мукофотига лойиқ деб топилди. 1990 йилда эса унга Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилди. Шароф Бошбеков “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.
Ичкиликбозликка қарши кураш айни қизиб, бир кружка пиво ичганни ҳам миршаблар мошинга солиб олиб кетадиган замонлар. Домла Азиз Абдураззоқнинг эски портфели бўларди. Роса машҳур портфель эди, чунки ичида ё тўла, ё ярми ичилиб тиқинланган виноми, ароқми, коньякми албатта топиларди.
Бир куни Азиз ака “Табассум” радиожурнали таҳририятига кириб келди. Қўлида ўша машҳур портфель. У киши билан сўрашяпмиз-у, ҳамманинг кўзи “хазина”да. Радиожурналнинг режиссёри Раҳмат Жумаев умид билан портфелни кўтариб-кўтариб қўйди-да, Азиз акадан сўради:
– Устоз, портфель оғирми?
Азиз ака ҳазин овозда жавоб қилди:
– Йўқ, бўтам, замон оғир…