Бир созу, бир дўмбира билан...

Буюк шоир Ўлжас Сулаймонов билан Муҳаммад Исмоил суҳбати


Олжас Умарович Сулаймонов 1936-йил 18- майда Олма ота шаҳрида туғилган. Қозоғистон халқ шоири, Қозоғистон Меҳнат Қаҳрамони. Бир қанча Фанлар Академиясининг Академиги. Ингушетиянинг “Хизматлари учун”, Озорбайжоннинг “Шуҳрат”, “Дўстлик”, Россиянинг “Дўстлик”, Украинанинг “Донишманд князь Ярослав”, Франциянинг “Адабиёт ва санъат рицари” орденлари, Евроосиё адабиёт фестивалининг Олтин медаллари ва бошқа мукофотлар соҳибидир.

– 2018 йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили дея эълон қилинди. Бу борада қандай фикрдасиз?

– Бизлар қарийб ўттиз йил кўришмадик. Ёзувчиларни назарда тутаяпман. Балки бундан ҳам кўпдир. Қайта қуриш ҳатто ўзаро муносабатларимизни ҳам қайта қурди. Авваллари бизлар тез-тез кўришар, бир биримизникида меҳмонда бўлар эдик. Қозоқ ёзувчилари Тошкентга боришар, ўзбек ёзувчилари бизларга келишар эди. Бошқа Жумҳурият ижодкорлари билан ҳам шундай дўстона ва қизғин муносабатлар ўрнатилган эди. Афсуски ҳозир ундай эмас. Биз ҳатто энг яқин дўстларимиз бўлган Эркин Воҳидов, Абдулла Ориповларнинг ҳам бу дунёни қачон ташлаб кетганлигини билолмай қолдик. Бу йил Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилиниши бу аввалги дўстона муносабатларимиз қайтадан тикланаётганидан мужда берувчи, қон қардошлик ришталаримиз аввалгидай кучли маромга келаётганидан дарак берувчи хушхабардир. Биз уруғ-аймоқ, қавму-қариндошлиги бир-бири билан чатишиб кетган энг яқин қўшнилармиз. Бу айрилиқ биз учун осон кечгани йўқ, ўйлайманки айрилиқ азобини ўзбеклар ҳам тотиб кўришди. Биз бир биримизга суянган халқлармиз. Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилиниши халқаро аҳамиятга эга бўлган ҳодиса. Бундан жуда қувондик.

– Қайси ўзбек ижодкорлари билан дўст эдингиз. Кимларни кўп эслайсиз?

– Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовлар билан қалин дўст эдим. Ўзбек адабиётининг улкан намоёндалари, улуғ адиб Шароф Рашидов, оташқалб инсон Одил Ёқубов, кўпни кўрган оқсоқол Комил Яшинлар билан бир неча бор суҳбатда бўлганман, уларнинг донишмандона фикрларидан завқ олганман. Шунингдек, Носир Фозилов, Мирпўлат Мирзоларни яхши танир эдим. Ажойиб ёзувчи Меҳмонқул Исломқуловни танийман. Яқинда Иссиқкўлда шоир Сирожиддин Саййид билан бирга бўлдим.

– Ўзбекистонда сизнинг мухлисларингиз жуда кўп. Шеърларингизни ардоқлаб ўқишади. Газеталаримизда мақолаларингиз тез тез босилиб туради. Лекин мана Ўзбекистонга бормаганингизга ҳам 34 йил бўлибди…

– Энди борамиз-да… Тошкентда бўлишни орзу қиламан. Ҳозир Ўзбекистон адабий муҳитида улкан ўзгаришлар содир бўлаётганидан хабарим бор. Президент Шавкат Мирзиёев адабиётни севувчи инсон. У Ёзувчилар уюшмасига улкан кошона қуриб берди, ёзувчилар хиёбонини яратди, уйсиз ёш ижодкорларни уй билан таъминлади. Яқинда Қирғизистонда Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги муносабати билан телевиденияда чиқиш қилганимда, Шавкат Мирзиёевнинг адабиёт вакилларига қилаётган бу ғамхўрликларини барчага ибрат қилиб кўрсатдим. Ижодкорларга бундай ғамхўрлик нақадар зарурлигини жуда яхши тушунаман. Чунки, Улуғбек ҳозир Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Раиси бўлса, мен ҳали ҳамон бу уюшманинг Фахрий Раиси ҳисобланаман. Шеърларим Ўзбекистонда тез- тез чоп этилишидан мамнунман. Шунингдек, яқинда қалин дўстим, таниқли ёзувчи Собит Дўсановнинг китоби Ўзбекистонда чоп этилганини эшитиб жуда хурсанд бўлдим. Агар адабиёт ва санъатимиз яқинлашса, ўйлайманки иқтисодимиз ва сиёсатимиз ҳам яқинлашади. Биз барчамиз бундан ўттиз йиллар муқаддам расмий равишда мустақилликни қўлга киритдик, аммо мустақиллик дегани ўз қобиғига ўралашиб олиш дегани эмас. Қардош Жумҳуриятлар ҳаммаси мустақилликка эришгач ўзларини бир бирларидан ҳимоя қила бошлашди. Россия Ўзбекистондан мустақил, Қирғизистон Қозоғистондан мустақил бўлди-ю, бир бирлари билан алоқаларни узиб қўйишди. Мустақилликни бошқа ўзанга буриб юборишди. Бундай мустақиллик билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Миллатлар бир қобиққа ўралиб олса, бундай миллатда ривожланиш ҳеч қачон рўй бермайди. Мустақиллик, мустақил равишда, онгли равишда, ихтиёрий равишда бошқа халқлар билан мустақил ҳамкорлик қилиш деганидир. Мустақиллик бутун дунёдан айрилиб якка ёлғиз, ҳеч ким билан алоқа қилмай яшаш дегани эмас. Аксинча, мустақил бўлиб барча билан тенгма-тенг равишда, онгли равишда, ақл-идрок, тафаккур ва миллий ғурур, миллий анъаналар асосида бошқа миллатлар билан ҳамкорликка ва юксакликка интилишдир. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва бошқа туркий халқлар маданияти ҳеч қачон бир биридан ажралмайдиган маданиятдир. Биз бугун мана шу сиёсатни олдинга суриш истагидамиз. Агар мамлакатимиз раҳбарлари ҳам мана шу сиёсат байроғи остида иш юритишса, халқларимизнинг дўстлигини, ҳамкорлигини кучайтиришса, халқлар ўртасида тинчлик бўлади, ривожланиш бўлади, тараққиёт бўлади, оламшумул ўзгаришлар юз беради.

– Пушкинда шундай мисралар бор:” Шоир бўлиш ёшларга хос..” Бу тушунчага қандай қарайсиз?

– Шарқда юз ёшгача ҳам шоир бўлавериш мумкин. Чунки, шарқда шеърият донишмандликка, ақл-идрокка, панд насиҳатга, Оллоҳга муҳаббатга асосланади. Фирдавсий, Навоий, Абайлар кексайиб қолганларида ҳам ижод қилишган. Аммо, шундай замонлар келдики, ҳамма фақат ёрга бўлган муҳаббатини ёзадиган бўлиб қолди. Шу маънода: “Шоир бўлиш ёшларга хос”, деганида Пушкин мутлақо ҳақ эди.

Бир сафар Москвага борганимда, Марказий адабиётчилар уйида, Павел Антакольскийнинг 70 йиллик юбилейи устига келиб қолдим. У минбарга чиқиб олиб севги ҳақида роса шеър ўқиди. Менга жуда эриш туюлди. 70 га кирган одам ўз ҳаёт тажрибалари ҳақида гапирмайдими, ёшлар билан кўрган-кечирганларини ўртоқлашмайдими, уларга панд насиҳат қилмайдими, ёшларга зарур бўлган йўл-йўриқлардан гапирмайдими?! Доно фикрларни шеърга солмайдими? 70 га кирган одамнинг “севаман” деб турганини қандай изоҳлаш керак?! Мен ўша пайтлар айни қирқ ёшда эдим. Ўша кунги воқеадан кейин шеър ёзишни мутлақо ташлаб юбордим. Кейин фақат насрда ижод қилдим. Ёшлигимда бир ҳафтада битта достон ёзардим. “Инсонга таъзим қил, Замин!” достоним ҳам бор йўғи бир ҳафтада ёзилган. Мен давр буюртмасини бажардим. Кейин Юрий Гагарин билан учрашдим. Кейин дунёнинг барча мамлакатлари минбарларида ушбу достонимни ёддан ўқий бошладим. Ёшликнинг шиддати, шижоати, исёнкорлиги умрингизни қолган даврларида ҳеч қачон такрорланмайди.

– Ҳозир Абай Қўнонбоев ҳақида гапирдингиз. Яқинда Ўзбекистонда буюк оқин Абайнинг юбилейи бўлиб ўтди…

– Кеча, эски қадрдоним билан кўришиб қолдик. У ҳозир Англия университетида ўқитувчи. Гап орасида, “Абай ҳақиқатдан ҳам даҳо экан” деб қолди. Мен :” Нега бирдан бу фикрга келиб қолдинг, аввал билмасмидинг” деб сўрадим. “Аввал ҳам билардим, лекин энди иқрор бўлдим,” дейди у. Мана шундай, авлодлар алмашган сари Абайнинг буюклиги яққол кўзга ташланаверади. Абай ўз даврида нимани ёзган бўлса, ўша муаммолар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотгани йўқ. Аксинча кескинроқ бўлиб ўртага чиқаяпти. У ўтмишни қаламга олиб, аслида келажак ҳақида ёзган экан. У 20 асрда ўз халқини катта ҳалокат кутаётганлигини билганди. 1926 йил аҳоли рўйхатга олинганда, фуқаролар урушидан кейин 6 миллион 200 минг қозоқ бор эди. Кейин очарчилик даври бошланди, ўттизинчи йилларда бу очарчиликдан 2 ярим миллион қозоқгина омон қолди. Бу ерда айб қозоқларнинг ўзида. Абай ўша пайтдаёқ ўзбеклардан боғдорчиликни, деҳқончиликни, сабзавот экишни ўрганинглар деб огоҳлантирганди. Айнан мана шу касб -ҳунар ўзбекларни очарчиликдан омон сақлаб қолди. Қозоқлар чорвага, қўй ва йилқиларга ишонган эди. Сталин қўй ва йилқиларни ҳаммасини тортиб олди, чет элдан завод ва фабрикаларга асбоб ускуна олиш учун гўштга айрибошлади. Украинадан донни тортиб олди. Натижада, 5 миллион украиналик, уч миллиондан ортиқ қозоғистонлик оч-наҳор ўлиб кетди. Ер билан ишлашни билгани, боғ-роғ, экин тикин ишларини яхши ўзлаштиргани учун ўзбеклар бу ҳалокатлардан омон қолди.

– Адабиётимизда Айматов, Сулаймонов, Орипов сингари буюклар яна пайдо бўладими, ёки уларни замон кўтарган эдими, нима деб ўйлайсиз?

– Ҳақиқатдан ҳам уларни давр кўтарган эди. Бир пайтлар биз китоб ўқиш бўйича биринчи ўринда эдик. Ҳозир, Россия ҳам, Қозоғистон ҳам энг охирги ўринда турибди. Энди машҳур ёзувчиларнинг пайдо бўлиши ўта мушкул. Бир созу, бир дўмбира билан маданият яратиб бўлмайди. Дўмбира ақлни чархламайди. Адабиёт эса, ақлни чархлайди, юракларга куч қувват, маънавий озуқа беради. Адабиёт ўзининг аввалги тахтига қайтиши керак. Ҳозир қандай асар ёзишингдан қатъий назар, уни ўз маблағингга чиқаришга, ўзинг тарқатишингга тўғри келаяпти. Шунинг учун ёзмасликка ҳаракат қилаяпмиз.

– Сиз Қозоғистон Меҳнат Қаҳрамонисиз. Жуда кўп орден ва медалларингиз бор. Қайси бирини тақасиз?

– Деярли ҳеч бирини тақмайман. Ўзимни уларга муносиб деб билмайман. Қачон ўша орден медалларга муносиб иш қилсам, юксак кашфиётлар яратсам, ана ўшандагина тақаман.

– Суҳбат учун ташаккур Олжас Умарович!

– Сизга ҳам раҳмат. Барча Ўзбекистонлик дўстларга алангали саломлар бўлсин!

 

ЎзА