Пойтахтимизда “PROlogue-2018“ халқаро кинофестивалига старт берилди. Ёшлар ижод саройида фестиваль доирасидаги илк тадбир – “Ўзбек киноси тарихи“ деб номланган фотокўргазма ташкил этилди.
Миллий кино санъатимизнинг босиб ўтган тарихий йўли ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу фотокўргазмада 70 фотосурат намойиш этилмоқда. Жумладан, 1925 йилда “Шарқ юлдузи“ кинофабрикаси номи билан фаолият бошлаган ҳозирги “Ўзбекфильм“ киностудиясида суратга олинган илк ўзбек бадиий фильмлари – “Ўлим минораси“, “Иккинчи хотин“ каби картиналар тарихидан сўзловчи суратлар намойиш этилди.
Айни пайтда бу ерда ўтган асрнинг “Маҳаллада дув-дув гап“, “Тошкент – нон шаҳри“, “Шум бола“, “Еттинчи ўқ“, “Келинлар қўзғалони“, “Сиз кимсиз?“, истиқлол йилларида яратилган “Ватан“, “Сабот“ каби фильмлардан лавҳалар акс этган фотосуратлар билан танишиш мумкин.
Тадбирда “Ўзбеккино“ миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров ва бошқалар мамлакатимизда миллий кино равнақи йўлида кўрсатилаётган улкан эътибор ижодкорларни янада кўпроқ масъулият билан ишлашга чорлаётганини таъкидлашди.
Шунингдек, бу ерда кинофестиваль ташкилотчилари ҳамда ҳакамлар ҳайъати иштирокидаги матбуот анжумани, тўлиқ метражли бадиий фильмлар танлови доирасида қирғизистонлик киноижодкорларнинг “Тунги авария“ картинаси ҳамда “Овозсиз ўзбек киносининг тарихи“ ҳужжатли фильмининг танловдан ташқари намойиши бўлиб ўтди.