“Ўзбектелеком” Президент топшириғини бажаришга тайёрми?

«Ўзбектелеком» АК Интернет тезлигини ошириш бўйича бажарилган ишлар ҳақида ҳисобот беради.
Жорий йилнинг 30 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги телекоммуникация тармоқларини модернизация қилиш, IT-технологияларни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ва уларнинг миллий иқтисодиётни ривожлантиришдаги ўрнига бағишланган анжуман ўтказади. Бу ҳақида “Ўзбектелеком” АК ахборот хизмати маълум қилди.
Ўзбекистон Республикаси алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналари, операторлар ва провайдерлар иштирок этадиган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг интернет тармоғига чиқиш нархларини пасайтириш, шунингдек, уланиш тезлигини ошириш ва 2020 йилга келиб МДҲ давлатлари даражасигача кўтаришга оид топшириқларини бажариш бўйича «Ўзбектелеком» АК ҳисоботи тақдим этилади.
“Ўтган 10 ой мобайнида «Ўзбектелеком» АКда зарур бўлган яхшиланишлар тизимли таҳлил қилинди, керакли қурилмалар сотиб олинди, дастур-жадвал ишлаб чиқилиб, ташқи канал ўтказиш имкониятларини кенгайтириш ва операторлар, провайдерлар ва охирги фойдаланувчилар учун Интернетга чиқиш тезлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди”, дейилади компания хабарида.
Мазкур анжуман алоқа ва ахборотлаштириш соҳасидаги давлат органлари, ташкилотлари ва корхоналари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси операторлари ва провайдерлари ўртасида АКТ соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилиши айтилмоқда.
Компания томонидан телеграм-бот ишга туширилди, бу ерда Компанияга бажарган ишлар ҳақида ҳар қандай савол бериш мумкин. Энг яхши саволлар муаллифлари тадбирга таклиф этилади.
Эслатиб ўтамиз, UZTELECOM шу йилнинг 1 декабридан амалдаги тариф режаларига интернет тезлигини ва тақдим этилаётган трафик ҳажмини оширишини маълум қилган эди. ​​

 

ЎзА