Қорақалпоғистонда терминология марказига раҳбар тайинланди

Бердақ номидаги қорақалпоқ давлат университети қорақалпоқ тилшунослиги кафедраси профессори, филология фанлари доктори Абдиназимов Шамшетдиин Нажимович Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Республика терминология маркази раҳбари этиб тайинланди.
Мазкур марказ жорий йил май ойида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг қарори билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузурида ташкил қилинган эди.
Марказни ташкил қилишда «Давлат тили тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни талабларини раҳбарликка олиб, миллий терминология соҳасидаги ишларни янада ривожлантириш, тартибга солиш ва унификациялаш назарда тутилган.
Қарорда бугунги глобаллашув шароитида жаҳонда юз бераётган илмий-техникавий янгиликлар, халқлар ўртасидаги алоқаларнинг кучайиши натижасида қорақалпоқ тилига бошқа сўзлар кириб келаётгани, шу боис, қорақалпоқ тилининг ижтимоий-сиёсий, илмий-техникавий, касбий, ер-сув атамаларини тартибга солиш, корхона, ташкилотлар, маиший хизмат кўрсатиш жойлари, кўча ва хиёбонлар, фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги атамаларни, шунингдек, ҳар бир касбга оид атамаларни шакллантиришга зарурат туғилаётгани эътироф қилинган.
Марказнинг асосий мақсади ва вазифалари сифатида терминларни аниқлаш ва тартибга солиш, илмий асосланган терминларни қараб чиқиш ва тасдиқлаш, терминологик луғатлар тайёрлаш, замонавий ахборот технологияларини амалиётга жорий этиш, қорақалпоқ тилида компьютер дастурларини тайёрлаш каби масалалар белгиланган.
Бундан буён қорақалпоқ тили қоидаларини қўпол тарзда бузган ташкилотларнинг мутасадди ходимларига терминология маркази чора қўллаш бўйича таклиф бера олади.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги атамашунослик қўмитаси 2003 йилгача фаолият юритиб келган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 23 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик қўмитасининг фаолиятини тугатиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ фаолияти тугатилган эди. Ҳукуматнинг ушбу қарорида Атамашуносликка оид ишларни тартибга солишни мувофиқлаштириш ва илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқиш вазифаси «Давлат тили ҳақида»ги қонунни жорий этиш комиссияси зиммасига юкланган.

 

Е.Қаноатов, ЎзА