Фарғонада Латвия Олий мактаби очилди

Фарғона шаҳрида Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби филиали иш бошлади.
Мамлакатимизда туризм тармоғи учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур филиал давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 сентябрдаги “Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактабининг Фарғона шаҳридаги филиалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилди. Фарғона давлат университетида иш бошлаган филиалда олти йўналишда бакалавр ва икки мутахассисликда магистрлар тайёрланади.
– Филиалга жорий ўқув йилида 125 нафар талаба қабул қилинмоқда, – дейди филиал ижрочи директори Севара Тўрақулова. – Талабалар туризмда тадбиркорлик фаолияти ва уни бошқариш, меҳмонхона хўжалигини ташкил этиш ва бошқариш, ресторан хўжалигида тадбиркорлик фаолияти йўналишлари бўйича таълим олади. Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини эътиборга олган ҳолда, Олий мактаб томонидан тасдиқланган ўқув режа ва дастурлар бўйича асосан инглиз тилида амалга оширилади. Филиал фаолиятининг асосий йўналишлари этиб юртимизда туризм тармоғини ривожлантириш бўйича муҳим вазифаларни ҳал этишга қодир бўлган юқори малакали кадрларни халқаро таълим стандартлари даражасида тайёрлаш, туризм ва меҳмонхона хўжалиги соҳаларида амалий ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш ва бошқалар белгиланган.
Латвиянинг Ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби филиалида ўқув жараёнига илғор педагогик ҳамда ахборот технологияларини, фан ва техниканинг энг янги ютуқларини жорий этиш, кутубхона фондини замонавий ўқув, ўқув-методик ҳамда илмий-техник адабиётлар билан таъминлаш борасида ҳам аниқ тадбирлар амалга оширилмоқда.
Филиал очилишига бағишлаб ўтказилган тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниев сўзга чиқди.

 

М.Сулаймонов, ЎзА​​