Сўнгги икки йил давомида мамлакатимизда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилиб, давлат органлари ва бошқа ташкилотларда электрон ҳужжат алмашинуви ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатиш учун электрон тижорат тизимлари босқичма-босқич жорий этиляпти.
Давлатимиз раҳбари томонидан “Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш мақсадида рақамли инфратузилмани янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши рақамли иқтисодиётни жадал ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш, давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш, ундан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва замонавий инфратузилмани қўллашда муҳим дастури амалдир.
Рақамли иқтисодиётни ривожлантириш соҳасидаги, шу жумладан, “блокчейн” технологияларини жорий этиш билан боғлиқ лойиҳаларни давлат-хусусий шериклик шартларида амалга ошириш учун инвесторларнинг маблағларини жалб этиш ва бирлаштириш асосий вазифаларидан бири ҳисобланган давлат муассасаси шаклидаги “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитасининг “Universal Mobile Systems” масъулияти чекланган жамияти устав капиталидаги давлат улушини 100 фоиз миқдорда “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасига беғараз асосда топширилади.
Шунингдек, Жамғарма томонидан ушбу қарорга мувофиқ олинган мол-мулк юридик шахсларнинг фойда солиғи бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди ва “Universal Mobile Systems” МЧЖ устав капиталидаги ушбу қарорга мувофиқ топширилаётган улуш юридик шахсларнинг фойда солиғига ва қўшилган қиймат солиғига тортилмайди.
2019-2021 йилларда “Universal Mobile Systems” МЧЖни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқилади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА