Буюклар номини авайланг!

МАТБУОТ НАШРЛАРИДА
Бироз олдин интернет тармоғи орқали хонанда Сардор Раҳимхон ижросида «Бибихоним» номли қўшиқ «айлана» бошлаган эди. Аввалига, қўшиқни тинглаб, бирорта «Бибихон» исмли қизга бағишланибди-да, деган хаёлга бордим. Аммо клипни кўргач, ҳафсалам пир бўлди…
Сароймулкхоним. Буюк соҳибқирон Амир Темурнинг энг суюкли рафиқаларидан бири сифатида бизга тарихдан маълум. Темур Сароймулкхонимнинг хон авлодига мансублигини инобатга олиб, уни Бибихоним (Катта хоним) этиб тайинлаган. Чунки Сароймулкхоним жуда ақлли, фаросатли, тадбиркор аёл бўлган. Албатта, тарихчилар тили билан айтганда, ер куррасининг ярмини титратган Соҳибқироннинг рафиқаси бўлиш, шу билан бирга, темурийлар тарбиясини ўз зиммасига олиш ҳар қандай аёлга шарафли вазифа бўлур эди.
Мана неча асрлар ўтибдики, Бибихоним ҳақида турли афсона ва ибратли ҳикоялар тилдан-тилга кўчиб келмоқда. Хусусан, «Малика ва Уста», «Ёш ниҳоллар» каби ҳикоятлар Бибихоним шахсиятини теранроқ англашга хизмат қилади. Масалан, «Малика ва Уста»да ҳикоя қилинишича, 1399 йилда Ҳинд сафаридан зафар билан қайтган Соҳибқирон Темур жуда катта масжид ва мадраса қуриш ишларига раҳбарлик қилишни Бибихонимга топширади. Таъмирлаш жараёнида ёш меъмор Бибихонимни севиб қолиб, ўпич сўрайди. Шунда зукко Бибихоним вазиятни таранглаштирмаслик учун турли рангларга бўялган тухумларни канизаги орқали устага юбориб, «пўсти арчилса, ҳаммасининг мазаси бир», деган жавоб билан темурийлар ор-номусини сақлаб қолади.
Бироз олдин интернет тармоғи орқали хонанда Сардор Раҳимхон ижросида «Бибихоним» номли қўшиқ айлана бошлаган эди. Аввалига, қўшиқни тинглаб, бирорта «Бибихон» исмли қизга бағишланибди-да, деган хаёлга бордим. Аммо клипни кўргач, ҳафсалам пир бўлди.
Меҳрдан яралган малак, юлдузим Бибихоним,
Гулюзим Бибихоним.
Висолинг мен учун фалак, юлдузим Бибихоним,
Гулюзим Бибихоним…
Гулим юрагимни тўкиб қўйдинг-ку,
Олиб қўйдинг-ку.
Кўзларимни нигоҳинг боғлаб қўйди-ку,
Овлаб қўйди-ку…
Наҳотки, Сароймулкхонимга — кўрагонийлар сулоласи онасига шундай жўн ва кўча сўзлари билан мурожаат этиш мумкин? У ахир Мирзо Улуғбек каби бутун башар олимининг қўлига китоб тутқазган аёлку!
Клипни кўрмаганлар «Амир Темур номидан айтгандир-да», дейиши мумкин. Бироқ бизнинг қонимизда бунақа қуруқ романтика бўлмас-ов!
Суратга олиш ишлари Самарқанддаги Регистон майдонида бўлиб ўтган. Унинг тасвирга олиш ишларини бевосита кузатганим туфайли жараёнга тўхталишни лозим топдим. Клип ғояси юқорида таъкидланган «Бибихоним ва уста»нинг ўзгинаси. Аммо суратга олиш ишларида Бибихоним тўлалигича хиёнаткор аёл образида намоён бўлади. Назаримда, хонанда — Уста! Улар мадраса макети орқали замонлар оша ошиқ-маъшуққа айлангани ҳаммасидан ошиб тушди. Бир пайт Соҳибқирон келиб қолди-ю, мадраса макетини парча-парча қилиб ташлади. Бибихонимнинг хаёли эса ҳамон «уста»да.
Мана сизга бугунги шоу-бизнеснинг оламшумул «мўъжизаси».
Бегали Эшонқулов
«Жамият» газетаси

 

ЎзА