"Дебют-2018" кўрик-фестивали ғолиблари

Ўзбек Миллий академик драма театрида «Дебют-2018» V республика кўрик-фестивали ғолибларини тантанали тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Б.Сайфуллаев мамлакатимизда миллий маданиятимиз ва санъатимизни янада ривожлантириш борасида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари янги ташаббуслар, илғор ғояларга замин яратаётганини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 31 майдаги «Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига кўра, театрларимизнинг ҳам моддий-техник базаси ҳолатини атрофлича ўрганиш, уларни таъмирлаш ва зарур жиҳозлар, мусиқа асбоблари билан таъминлаш, самарали ижодий фаолият учун қулай шароитлар яратиш бўйича катта ҳажмдаги ишлар бажарилмоқда.
Айни пайтда ушбу ҳужжатда “Сени куйлаймиз, замондош!”, “Дебют” каби театр санъати кўрик-фестиваллари самарадорлигини ошириш орқали буюк сиймолар, замонамиз қаҳрамонлари образи, бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларини акс эттирган, бадиий юксак саҳна асарларини яратишдек масъулиятли вазифалар белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Театр арбоблари уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган «Дебют – 2018» V республика кўрик-фестивали театр соҳасида салоҳиятли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, ижодини мухлисларга яқиндан таништириш борасидаги шундай лойиҳалардан саналади.
Бу галги кўрик-фестивалда юртимизнинг 17 ижодий жамоасидан 17 нафар иқтидорли ёш режиссёр ўзи саҳналаштирган спектакль билан иштирок этди. Тақдим этилган саҳна асарларнинг бадиий жиҳатдан пишиқ ва мукаммаллиги, уларда эзгу ғояларнинг талқини, режиссёрлик, ижро маҳорати, саҳнавий декорацияларнинг кўркамлиги каби жиҳатларга асосий эътибор қаратилди.
Биринчи ўринга Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрининг ёш режиссёри Мухтар Реймов «Лувр ўрдаги» спектакли учун муносиб топилди. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театридан ёш режиссёр Равшан Чориев «Оппоғой ва етти гном» номли спектакли учун иккинчи ўринга лойиқ топилди. Учинчи ўрин Хоразм вилояти мусиқали драма театрининг ёш режиссёри Журъатбек Сотиболдиевга «Султон Жалолиддин» спектакли ва Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театри ёш режиссёри Достонбек Худойбердиевга «Қобил ила Ҳобил» cпектакли учун берилди. Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
photo5449759774716570002.jpg
photo5449759774716570003.jpg

 

Н.Усмонова, Темур Мамадаминов (сурат), ЎзА