«Tоshkent City» – халқимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ёрқин намоёни

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 20 ноябрь куни пойтахтимиздаги «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида барпо этилаётган замонавий иншоотлар қурилиши билан танишди.

«Шарқ дарвозаси» дея таъриф бериладиган Тошкент шаҳрини яшаш учун қулай мегаполисга айлантириш, ҳудудда хизмат кўрсатиш, транспорт-логистика, бизнес инфратузилмаларини ривожлантириш йўлида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барпо этилаётган «Tоshkent Сity» халқаро ишбилармонлик маркази ана шундай ноёб лойиҳалардан бўлиб, пойтахтимизнинг жаҳондаги энг замонавий ва кўркам шаҳарлар қаторидан жой олишига хизмат қилади.

80 гектардан иборат халқаро ишбилармонлик марказида давлатимиз раҳбарининг аввалги ташрифлари чоғида берилган кўрсатмалар асосида қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бизнес марказлар, меҳмонхоналар, конгресс-холл, офислар, кўп қаватли турар жойлар, ресторанлар ва бошқа объектлар еттита лотга ажратилган ҳолда бунёд этилмоқда.

Президентимиз объект билан танишувни дунёнинг етакчи брендларидан бўлган беш юлдузли “Hilton” меҳмонхонаси қурилишини кўздан кечиришдан бошлади.

Йигирма қаватли мазкур меҳмонхона энг замонавий қулайликларни ўзида мужассам этади. Унда нуфузли анжуманлар ўтказиш учун заллар, ресторанлар, салонлар, бассейнлар қурилади.

Давлатимиз раҳбари меҳмонхона битгач, қандай кўринишда бўлиши ҳақида тасаввур бериш учун намуна сифатида барпо этилган хона ва заллар билан танишди. Хоналар кўриниши, дизайнида ранглар уйғунлигига алоҳида эътибор қаратиш, кайфиятни кўтарадиган ёрқин ранглардан кўпроқ фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

“Hilton” меҳмонхонаси ёнида ишбилармонлик марказининг энг йирик иншоотларидан бири – конгресс-холл қурилмоқда. Унинг умумий майдони 33 минг метр квадратни ташкил қилади. Олий мартабали меҳмонлар иштирокида халқаро анжуманлар ўтказишга мўлжалланган конгресс-холл энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланади. Асосий учрашувлар ўтказиладиган залга қарийб тўрт минг киши сиғади.

Шавкат Мирзиёев конгресс-холлни жаҳон стандартлари асосида сифатли қуриш, йирик делегацияларни қабул қилиш учун зарур қулайликлар яратиш бўйича топшириқлар берди.

Президентимизга 7-лотда амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Ишбилармонлик марказининг ушбу ҳудуди Европа услубидаги сайлгоҳ, шунингдек, 7 ва 9 қаватли бинолардан ташкил топади. Биноларда қаҳвахона ва ресторанлар, савдо мажмуалари, таниқли брендларнинг дўконлари, турар жой ва меҳмонхоналар, офислар жойлашади.

Давлатимиз раҳбари «Gardens Residence» турар жой мажмуасини ҳам бориб кўрди. Намуна сифатида қурилган 2 ва 4 хонали уйлар, тайёр уйларни сотиш бўйича савдо офиси – “Dream City”да харидорларга яратилган шароитлар билан танишди.

Саккиз гектар майдонни эгаллайдиган ушбу комплекс тўққизта кўп хонадонли уйдан иборат бўлади. Уйларни лойиҳалашда барча замонавий жиҳатлар инобатга олинган. Кўп болали оилалар фарзандлари, ота-оналар ва меҳмонларга алоҳида-алоҳида хоналар ажратилган.

Турар жой мажмуаларини лойиҳалаш ва қуришга аудит, консалтинг ва қурилиш соҳаларидаги машҳур хорижий компаниялар жалб этилган.

Мана шундай шароитда яшаган одамларнинг дунёқараши, ҳаётга муносабати ўзгаради, янгича маданият шаклланади, деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари «Tоshkent Сity» нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёдаги энг улкан ишбилармонлик ва турар жой масканига айланиши кераклигини таъкидлаб, уни замонавий шаҳарсозлик меъёрлари асосида қуриш, бу ерда барпо этилаётган турар жой мажмуалари ва бизнес офислар ҳақида харидорларга кўпроқ маълумот тақдим этиш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

photo5449759774716570091.jpg

photo5449759774716570092.jpg
photo5449759774716570093.jpg

 

Матназар Элмуродов, ЎзА