Фуқаронинг кредитга олган маҳсулоти уч кун ўтиб ишламай қолган. Сервис хизмати кўрсатилган бўлса-да, яна қайта бузилган…
2018 йил 15 сентябрь куни Зарафшон шаҳар 12-кичик туман, 24-уй, 4-хонадонда яшовчи фуқаро Ботир Усманов Зарафшон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ёзма мурожаат қилган.
Фуқаро мурожаатида 2017 йил декабрь ойида Миллий банк томонидан 14 204 000 сўмга шартнома орқали кредитга “Roison Home White Goods” компаниясидан газ плита, мини электропечь, телевизор ҳамда музлатгич харид қилганлиги, аммо фойдаланиш жараёнида 3 кун муддатда музлатгичнинг ишламай қолгани, бу ҳақда компания ходимларига мурожаат қилганида, фуқарога бир ойдан сўнг Зарафшон шаҳрида сервис хизмати очилиши кераклиги ва музлатгични шу сервис томонидан таъмирлаб берилишини маълум қилади.
Шундан сўнг фуқаро сервис хизмати очилгандан сўнг музлатгични олиб келган ва масъул ишчилар томонидан бир ҳафта мобайнида таъмирлаб берилган, аммо таъмирдан сўнг 4 ой ишлаб яна бузилган. Шундан сўнг фуқаро сервисга қайта мурожаат қилган ва сервис ходимлари фуқаронинг хонадонига келиб, музлатгични текшириб кўрганида ҳақиқатда музлатгичнинг ички конденсатор трубкаларида кичкина учетка фрёни борлиги аниқланган.
Юқорида кўрсатилган ҳолат юзасидан жамият ходимлари томонидан компания раҳбари билан телефон орқали боғланиб, суҳбат олиб борилди. Тегишли тартибда Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 13, 14, 17-моддалари бўйича тушунтиришлар берилди. Ушбу қонун талаблари бузилган тақдирда 29-моддага асосан ариза юзасидан тўпланган ҳужжатларни фуқаролик ишлари бўйича Зарафшон туманлараро судига киритиш тўғрисида огоҳлантирилди.
Шундан сўнг, “Roison Home White Goods” компанияси раҳбари Абдулазиз Юнусов бошқа бундай ҳолат қайтарилмаслигини ва фуқарога Навоий шаҳрига бориб янги сифатли музлатгични олиши ва йўл харажатларини ўзи томонидан қоплаб берилиши тўғрисида маълум қилди.
Муаммолар ўз ижобий ечимини топганлиги сабабли Фуқаро Б.Усманов шаҳар жамияти ходимларга ўз миннатдорчилигини билдирди.
ЎзА