2019 йил бюджетномасида илк бор келаётган йил ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш прогнозлари берилди

2018 йил 17 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини кўриб чиқдилар. 
Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — молия вазири Ж.Қўчқоров маъруза қилди.
Мамлакатнинг бош молиявий ҳужжатини тақдим этиш амалиётида биринчи марта 2019–2021 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози берилди.
Мажлисда қайд этилишича, 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий динамикасини сақлаб қолган ҳолда 5,4 фоиз (2020 йилда 6,0 фоиз, 2021 йилда 7,0 фоиз) миқдорда бўлиши назарда тутилмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 4,9 фоиз, қурилишда 8,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида 3,3 фоиз ва хизматлар соҳасида 6,2 фоиз кўпаяди, асосий капиталга инвестициялар 17,0 фоиз, товарлар ва хизматлар экспорти 15,5 фоиз ҳамда импорт 6,3 фоиз ўсади.
2019 йилда солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тури 19 тадан 15 тагача камаяди
2019 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари Президентимизнинг 2018 йил 29 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Унга кўра, барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш, шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб варақларига йўналтириш, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтириш, фуқароларнинг меҳнат ҳақи тарзидаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш назарда тутилмоқда.
Умуман олганда, таклиф этилаётган чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳисобига солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тури 19 тадан 15 тагача камаяди.
Бу ҳақда, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларида қайд этилган.

 

ЎзА