Қозоғистон-Ўзбекистон I минтақалараро ҳамкорлик форуми доирасида “Марказий Осиёда Буюк ипак йўлининг йўлаклари. Туризм ривожининг замонавий босқичлари” мавзуида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур махсус диплом билан тақдирланди.
– Юртимизда туризмнинг ривожланиши учун жиддий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Йиғилишда таъкидланганидек, бу борада 40 дан ортиқ ҳужжат қабул қилинган, – деди Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур. – Биргина шу рақамнинг ўзи бу соҳага эътибор қай даражада эканини англатади. Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида сайёҳликнинг кенг йўлга қўйилиши қадимдан қардош саналган халқларимиз учун муҳим бўлиб қолаверади. Сайёҳлик тизими ривож топса, санъат аҳлининг ҳам иши юришади. Айниқса, мўйқалам усталари ижоди равнақида бу омил бетакрор аҳамиятга эга. Энг асосийси, санъат асарларининг тарғиботи ҳам ўз-ўзидан яхшиланади. Рассомнинг юрак қўридан қувват олган ранг-тасвирларга қизиқувчилар мамлакатдан ташқарида ҳам пайдо бўлади. Кўряпсизми, битта яхши санъат асарида минг-минглаб сайёҳларни мамлакатга жалб этувчи қудрат намоёндир. Бундай сеҳрли қудратдан унумли фойдаланиш керак.
Ғ.Ширинов, Т.Мамадаминов (сурат), ЎзА