Парламент қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан кўп квартирали уйларда турар ва нотурар жойлардан, умумий мулкдан фойдаланиш ва уларни сақлаш масаласига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Унда депутатлар ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Кўп квартирали уйларда турар жойлардан, умумий мулкдан фойдаланиш ва уларни сақлаш тартиби тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда бугунги кунда 4 мингдан ортиқ уй-жой мулкдорлар ширкати 32,4 мингдан зиёд кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатмоқда. Аҳолига уй-жойлар қуриш фаол ривожланмоқда.

Тадбирда аҳоли билан ўтказилган бевосита учрашув ва мулоқотларда кўтарилган саволлар, фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда ушбу соҳага оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш, уй-жой ва коммунал хизматни тубдан яхшилаш масаласи бугунги кунда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

– Депутатлар томонидан ҳудудлардаги аҳволни ўрганиш ва аҳоли билан ўтказилаётган доимий мулоқотлар давомида уй-жой ва коммунал соҳада фойдаланилмаган имкониятлар ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Азамат Пардаев. – Яшаш ва санитария тартиби, умумий мулкдан фойдаланиш, кўп қаватли уйларнинг ташқи фасад архитектураси бузилиши ҳамда тез тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги машиналари тезкор ҳаракатига ҳалақит қилувчи ноқонуний қурилишлар, рухсат этилмаган жойларни, уй атрофидаги ички кўчаларни ўраб олиш ва бошқа масалалар шулар жумласидан.

Соҳадаги мавжуд муаммолар ечими юзасидан қўмитанинг бир гуруҳ депутатлари янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Ушбу қонуннинг мақсади кўп квартирали уйларда турар ва нотурар жойлардан ва умумий мулкдан фойдаланиш, уларни сақлаб туриш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонун лойиҳасида кўп квартирали уйдаги турар ва нотурар жойлардан фойдаланиш тартиблари, мол-мулк мулкдорининг мажбуриятлари аниқ кўрсатилган. Унга кўра, яшаш учун белгиланган санитария-эпидемиология ва техник талабларга, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига, ушбу қонун талабларига ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга риоя қилиш белгиланган. Шунингдек, турар жойларни, ёрдамчи хоналар, балкон ва пешайвонларни тоза сақлаш, уйлардаги лифт кабиналарини ифлослантирмаслик, сув, газ, электр ва иссиқлик энергиясини тежаб сарфлаш каби мажбуриятлар кўрсатилган.

Қонун лойиҳасида кўп хонадонли уйларда умумий мулкни техник ва санитар сақлаш, жорий ва мукаммал таъмирлаш, ҳудудни ободонлаштириш, ҳовли атрофини кўкаламзорлаштириш, болалар майдончасига хавфсиз ва замонавий ўйин конструкцияларини ўрнатиш, муҳандислик-коммуникация тизимларини асраб-авайлаш, санитар-эпидемиологик ва техник талабларга ҳамда ёнғин хавфсизлиги тартибларига риоя этиш ва бошқа масалалар назарда тутилган.

Депутутлар ва тадбир қатнашчилари томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди. Хонадонларни таъмирлаш жараёнида ички девор ва устунларни қайта жойлаштириш, кўп қаватли хонадонлар атрофида махсус автотураргоҳ ҳамда қўшимча иншоотлар қуриш, вентиляция шахталари ва каналларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш ва реконструкция қилиш, уйларнинг том ва фасад қисмларига сунъий йўлдош антенна, совитиш ускуналари ва бошқа конструкциялар ўрнатишни тақиқлаш каби масалалар шулар жумласидандир.

Шунингдек, тадбирда кўп хонадонли уйларда яшовчилар, ёшлар ва болалар ўртасида турли мусобақалар ҳамда байрамлар ташкил этиш ва ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА