Сайлов қонунчилиги мавзусида Бухорода халқаро анжуман бошланди

Бухорода 16 ноябрь куни “Сайлов қонунчилиги, демократик сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро амалиёт” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Анжуман Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссияси томонидан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг мамлакатимиздаги лойиҳалари координатори ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Унда Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси (БСОА), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, Венециан комиссияси, БМТ Котибияти ҳузуридаги Сиёсий масалалар бўйича департаментнинг сайловлар ўтказишга кўмаклашиш бўлими, Сайлов тизимлари халқаро жамғармаси ва бошқа шу каби халқаро институтлар, Россия, Қирғизистон, Руминия каби давлатлар сайлов органлари вакиллари, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари, ҳуқуқий соҳа илмий жамоатчилиги, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этмоқда.
Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад халқаро экспертлар иштирокида Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасини муҳокама қилиш, шунингдек, сайлов жараёнларида ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этишга эришишдан иборат.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда миллий сайлов қонунчилигининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб бормоқда. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг ҳам соҳага тегишли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ўзаро мувофиқлигининг таъминланаётгани бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга чиқариш имконини беради.
Конференциянинг биринчи кунида сайлов қонунчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти масалалари муҳокама қилинди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси миллий сайлов тизимини модернизация қилиш, бунда БМТнинг сайловларга нисбатан ёндашув амалиётидан фойдаланиш амалиёти каби мавзуларга оид маърузалар тингланди.

 

Эркин Ёдгоров, ЎзА​​