Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаевнинг номи юртимизда яхши маълум. Атоқли ёзувчининг асарларидан баҳраманд бўлмаган одам кам топилади.
МАТБУОТ САҲИФАЛАРИДА
Бироқ ишонч билан айтиш мумкинки, адабиётимизнинг бу ўзига хос сиймоси ҳақида билганларимиз ҳали ҳаммаси эмас. Бундай тўхтамга келишга туртки бўлган сабаб яқинда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт матбаа уйида чоп этилган филология фанлари номзоди Олим Тошбоевнинг “Абадий замондош” китоби мутолааси бўлса ажаб эмас. Негаки, муаллиф айни пайтда ижтимоий ҳаётда қарор топаётган сергакланиш, ҳушёр тортиш, ҳамма нарсани ўз номи билан айтишга уриниш кайфияти билан ҳамоҳанг тарзда мавзуга янгича қараш билан ёндашган. Ҳали жамоатчиликка маълум бўлмаган, бироқ маълум қилиш адиб шахсиятини тўлароқ тасаввур этишда ҳам, ўша давр адабий муҳитига баҳо беришда ҳам, умуман, миллий адабиёт манфаати нуқтаи назаридан муҳим бўлган далилларга мурожаат этади, уларнинг “фалсафа”сини кашф қилишга уринадики, бу ҳол кечаги кунга умумэътироф этилган тамойиллар асосида ёндашиш амал қила бошлаганини кўрсатади.
Муаллиф китобда мақсадини тўла юзага чиқариш муддаосида кўплаб янги қадамлар қўйган. Асар изчил хронологияга асосланган. Унда аниқ мавзу бўйича: 1) воқеа (адиб ҳаёти ёки ижодига доир далил); 2) шарҳ (газета-журнал мақолаларидан кўчирмалар, жонли гувоҳларнинг эсдаликлари); 3) тасдиқ (адиб қайдлари, замондошларнинг хотиралари); 4) муносабат (адабий танқид, мутахассислар фикри); 5) хулоса (муаллифнинг якуний сўзи) ўзига хос композиция ташкил қилади ҳамда объект юзасидан тўлиқ тасаввурга олиб келади. Қаҳрамони шахсиятини тўлароқ гавдалантириш учун (бу анъанавий усул, одатда, тарихий-биографик, умуман, ҳужжатли асарларда бош образ тимсоли аниқлаштириб олинади) ижодий амалиётимизда кам қўлланилган йўлдан боради: Шукур Холмирзаевни вояга етказган муҳит, унинг ижтимоий келиб чиқиши, дастлабки қадамлари юзасидан тасаввур пайдо қилиш, қолаверса, фикрларини далиллаш мақсадида ўша даврдаги район газеталари тахламларини варақлайди. Бу машғулот қанчалик ёқимли бўлганини билмадик, бироқ “сарғайган саҳифа”ларда ўша давр руҳи аниқ-тиниқ акс этганини ва муаллиф бундай йўлни беҳуда танламаганини эътироф этиш лозим. Аввало, хат танийдиган одамлар бармоқ билан санарли даражада бўлган, аммо саводсизликни тугатиш вазифаси қорин тўйдиришдан юқори (яъни, “маънавиятга эътибор — ҳаёт-мамот масаласи” тарзида) қўйилган шароитда “Ғалла фронти”, “Илғор Сурхон учун” сингари газеталарнинг ҳафтасида 2-3 марта, яна 10-20 минг нусхада чиқиб туришини, шу ҳудуд (район, област)даги жами маърифатли одамларнинг газеталарнинг жамоатчи мухбири саналишини мулоҳаза қилиб кўрсак, ҳар бир тузумнинг ўз қиёфаси, сиёсати бўлишига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Иккинчидан эса тажрибали мутахассис сифатида муаллиф даврий нашрларнинг ижтимоий ҳаётдаги ўрнини тўғри англаган ҳолда уларнинг ҳақиқатидан ўринли ва самарали фойдаланади. Қолаверса, бундай ёндашув воқелик ҳақида аниқ фактлар воситасида ишончли фикр юритишнинг намунаси ҳамдир.
Ҳар бир ёзувчи ҳақида ҳаммадан ҳам кўп маълумотни унинг асарлари туҳфа этади. Муаллиф қаҳрамонини ардоқли назари билан улғайтириб келади ва уни таниқли ёзувчи сифатида тақдим этади. Шубҳасиз, ёзувчилик рутбасига эришиш осон эмас. Бу йўлда Шукур Холмирзаев ҳам тошли сўқмоқлардан ўтган. Нималар рўй бермасин, унинг тийнатида йўғрилган тоза ҳислар қанот бўлиб, парвозга ундайди. Чекка бир қишлоқда дунёга келган ва оламшумуллик мақомига кўтарила олган ижодкорни улғайтирган туйғу нима эди, қандай қилиб у кўплардан баланд кўтарила олди? Худди шу ўринда Олим Тошбоев, менинг назаримда, таянч нуқтасини тўғри топганга ўхшайди: “Шукур Холмирзаев “Эркинлик” деган бир мамлакатнинг яккаю ягона фуқароси сифатида ўз ҳудудига бегоналар учун ўтиб бўлмас чегара ўрнатган эди, ул мамлакатнинг ҳаёт тарзини фақат асарлар орқали кўриш, кузатиш, ҳис қилиш ва англаш мумкин бўлар эди”.
Ниҳоятда гўзал ифода.
Шундай ҳаёт тарзини танлаган одамга осонмиди? Биз асарларини мутолаа қилиб таъсирланган, давр тўлқинига сирт келиб, ўзини шоҳлардек тутган ва биз (афсуски!) яхши билмайдиган Шукур Холмирзаев ана шундай умр кечирган. Бу ҳаётнинг кашфиётлари, изтироблари ҳақида Олим Тошбоев меҳр билан юрак ютиб ҳикоя қилади ва анча теран кетади. Демак, асарларида ҳам ана шу безовта ва бошқаларга ўхшамайдиган қалбнинг кечинмалари акс этган эди-да.
Албатта, ёзувчининг шаклланиш босқичида талабалик, ҳаваскорлик тўгарагида “Ҳамлет” спектаклидек шоҳ асарда бош ролни ижро этиши, даврининг машҳур шахсларидан Шукур Бурҳонов билан танишув, тенгдошларнинг буюк келажакдан башорат берувчи интилишлари сингари омиллар ўзига хос вазифани бажарган, эҳтимол, ёзувчининг ижодий «қибла»сини тўғри танлашида ҳам муҳим рол ўйнагандир. Буюк актёр унинг иқтидорини кўриб, ўзига ҳамкасб бўлишни таклиф қилади, буни рад этганида астойдил хафа бўлади. Кейинчалик ёзувчининг ўзи ўшандаги танловининг нечоғлик жиддий бўлганини шарҳлагандек, шундай деб ёзган экан: “Мен адабиётни қисматим деб аллақачон айтиб қўйганман. Буни ўзим биламан — Оллоҳ билади. Қисматим демаганимда мен бу ерларда — ёзувчилар далаҳовлисида макон тутмай, хотин, бола-чақамнинг олдида юрардим. Тузуккина рўзнома ёки журналга муҳаррирлик қилиш ҳам қўлимдан келади. Нима қилай, ҳаёт шундай бўлди”. Ана шу ҳаёт ҳақиқати — ёзувчининг топганлари ва йўқотганлари асарларида сингдирилган. Бугун у яратган адабий аҳоли ўзининг турфа феъл-атвори, дўлворлиги ва самимияти билан миллатимиз тимсолини умумжаҳон саҳнида намойиш қилиб турибди. Унинг ижодий эътиқоди — ўша “урҳо”лар замонида ҳайқириқлар, қарсакбозликларни эмас, инсонни, ёнида ғимирлаб юрган замондошини адабиётнинг қалбига олиб киришни тақозо этди. “Улар тўғон қурмади, чўл қувмади, нефт-газ ҳам қидирган эмас, кўча-куйда империалистларни сўкиб, ҳақоратлагани ҳам йўқ, аммо ўзларининг кичкина ҳақиқатлари — инсоний ор-номуси, миллат ғурури ва шаъни, она табиати, яхши кўрган оти, аждодлар ёди, оёқости бўлган эътиқоди учун куйди, ўртанди, — деб ёзади О. Тошбоев, — Бир сўз билан айтганда, Шукур Холмирзаев “ўзбек совет адабиёти” деган катта жанггоҳнинг бир четига ҳақиқий миллий, ўзбекона қаҳрамонларини дадил сафга тизди”.
Бу ҳолни жасорат дебми ёки қаҳрамонлик деб аташ лозим? Балки ўз халқига бетамаъ фарзандлик хизматидир. Нима бўлганда ҳам тоталитар тартиблар олов пуркаб турган шароитдаги бу ҳаракат ўз шарафини топмоғи лозим. Ахир “ўзбек совет адабиётшунослиги ва унинг калондимоғ олимлари бу бир ҳовуч подачию овчиларни, хаёли қочган кампиру лафзсизликдан бўғилган отбоқарларни адабий қаҳрамон рутбасига мутлақо муносиб кўрмаган ҳоллари ҳам бўлди”, деб ёзади муаллиф. Шундай қилиб, ёзувчи қаҳрамон қидириб узоқ машаққат чекмади, атрофидаги оламнинг ўзига маъқул, ёқтирган вакиллари ҳаётини асарларига асос қилиб олди. У яратган бадиий образларнинг деярли ҳаммасида юртдошлари, яқин танишларининг ҳаёт тарзи кўчиб ўтган. Шу ҳолни ҳам ўзлигига фидолик, қолаверса, сомоннинг ичидаги игнани топа олган даҳолик деб аташ мумкин. Негаки, Шукур Холмирзаев яратган бадиий тимсоллар жаҳон адабиётининг энг нодир намуналари қаторида туради.
Олим Тошбоев ёзувчи иқтидори қирраларини инкишоф этиш учун унинг асарларидан намуналар: “Тўлқинлар” қиссаси, “Сўнгги бекат” романи, “Одам”, “Қария”, “Ўзбек характери”, “Кўк денгиз” сингари ҳикояларини таҳлил қилади, уларнинг яратилишидан тортиб миллий тафаккур тадрижидаги ўрнигача батафсил ифодалайди. Таҳлиллар асносида муаллиф ҳам тадқиқотчи-олим, ҳам меҳри жўшган ёзувчи сифатида намоён бўлади. Айни пайтда адабий танқид ва шахсий майлларни қоришиқ ифодалайдиган оралиқ жанр пайдо бўлаяпти. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Иброҳим Ғафуров шундай ёзади: “Адабий танқидни эссе жанрига яқинлаштириш, икки жанрни омухта қилиш учун кўп йиллардан бери уринаман”. Олим Тошбоевнинг саъй-ҳаракатлари таҳлил объектини ҳам олим, ҳам адиб кўзи билан кўриш имконини берган, бу ҳол эса таниқли ёзувчи оламини тўлароқ тасаввур қилиш шароитини яратади. Шукур Холмирзаев ҳақиқатан жаҳон ҳикоячилиги тарихида “ўзбек ҳикоячилик” мактабини бойитган, уни бепоён сарҳадларга олиб чиққан улкан ижодкор. Ёзувчи бу жанрнинг ҳавосини олгач, дастлаб 40 та, сўнгра 70 та, кейин эса 73 та ҳикоя яратиб, бир ижодий гулчамбар ҳосил қилишни орзу қилган экан…
Бундан ташқари, атоқли ёзувчи амалга оширган миллий адабиётимиз тараққиёт йўлининг таҳлили, адабиётшуносликдаги хизматлари, ёш иқтидорларга муносабати ҳам китобда маромида акс этган. Бу қирралар ҳам адиб тимсолини яна кўркамлаштиради. Умуман, “Абадий замондош” китобининг фазилатлари кўп. Шу билан бирга у янги тадқиқот уфқларига ҳам назарни қаратишга даъват этади. Жумладан, ўша давр китобхонлари адиб асарларини танқидчилар таҳлили орқали қабул қилган. Танқидчилик эса Шукур Холмирзаев мўъжизаларини англай олавермаган, ҳатто тескари хулосалар чиқарган. Ёзувчининг ўзи бир асари (“Сўнгги бекат” романи)га муносабатдан ўкиниб, шундай ёзган экан: “Умуман, роман ўша вақтда… қадр топмади. Унинг ғоясини англаган дўст-ёронлар ҳам бирон калима илиқ сўз айтмади”. Эндиликда жаҳон бадиий тафаккури ютуқларидан фойдаланиб, ўша пайтдаги икки қирғоқ — ёзувчи ва танқидчи қарашларини таҳлил қилиш ва баҳолаш имкони бор. Энг инсофли олимлар ҳам қарамлик шароитида яхши асар яратиб бўлмайди, деб турганда Шукур Холмирзаев иқтидорнинг (жумладан, ўз иқтидорининг) кучига ишониб, “яхши асар яратиб бўлади” деган фикрни илгари суради ва буни амалда уддалайди ҳам. Эҳтимол, шу ўринда ёзувчи шахсиятидаги ўзига хослик, иқтидорини юзага чиқаришини таъминлаган омиллар ҳақида бугун жўяли гап айтиш мумкин бўлар. Бу ҳол миллий бадиий тафаккуримиз тадрижида, ижод табиатини тушунишда янги кашфиётларга олиб келиши мумкин. Шунингдек, Шукур Холмирзаев ижодини замондошлари, жаҳон адабиёти вакиллари, жумладан, Чингиз Айтматов ижоди билан қиёсий ўрганиш ҳам адабиётшуносликни янги хулосалар билан бойитиши, шубҳасиз. Эътибор берилса, Шукур Холмирзаев ва Чингиз Айтматов бадиий олами бир-бирига яқин. Ижод ва тақдирнинг умумий ва хусусий томонлари тадқиқи ҳам адабиёт манфаати нуқтаи назаридан фойдали бўлади.
Олим Тошбоев “Абадий замондош” китобида олим ва тадқиқотчи сифатида ўша кунлардаги даврий нашрлар қиёфаси, уларнинг замон ижтимоий муҳитидаги ўрни ҳақида жўяли далиллар келтиради. Масалан, “адиб ижодининг гулга кирган даври” ҳисобланмиш “Гулистон” журналидаги фаолияти ва журналнинг Иброҳим Раҳим бош муҳаррирлиги пайтида амалга оширган миллатпарварлик ташаббусларини меҳр билан қаламга олади. Умуман, муаллифнинг адабий жараён, босма маърифий маҳсулотларнинг тақдири ҳақидаги мулоҳазаларида ватанпарвар ижодкорнинг нуқтаи назари, бугунги аҳволдан қониқмаслиги, қолаверса, шундай имкониятдан фойдаланилмаётганидан надоматлари акс этган. “Дарҳақиқат, ХХ асрнинг 60-80-йилларида адабий ҳаёт… жуда қизғин бўлган экан, тинимсиз адабий анжуману йиғилишлар, қўлёзмалар муҳокамалари, матбуотда эълон қилинган кичикми-каттами асарга дарҳол муносабат билдиришлар, ёзувчи-шоирлар билан китобхонлар учрашуви — буларнинг бари бугун ҳам ибрат олишга муносиб”. Муаллиф адиб яратган бадиий кашфиёт ҳақида ёзади: “Умуман, Ш. Холмирзаев тасвирлаган ҳаёт сеҳру таровати ва оҳанрабоси билан биз кўриб турган реал ҳаётдан мафтункор ва жозибали эди. Бу бадиий олам фуқаролари — асл ўзбеклар кеча қандай даражада ўлчов-ибрат бўлган эса, эрта ва индин ҳам ўшандай мавқеда собит қолади, чунки улар аслиятда ҳам аъло, гўзал ва бутундир”. Бинобарин, боболар удумига ҳурматан Шукур Холмирзаевни “алп ёзувчи” деб аташ ўринли бўлади. Албатта, “Абадий замондош”да ёзувчининг кичик прозаси атрофида сўз боради. Ҳали романлар таҳлили, ижтимоий фаолият, адибнинг эсселари ҳақидаги, умуман, давримизнинг йирик ижодкори хусусидаги тадқиқотлар давом этади. Китобга салмоқли хулоса етишмаётгани ҳам шундан бўлса керак — муаллиф уни насияга қолдирганга ўхшайди.
Мутолаани тугатар эканмиз, кўнгилда бир соғинч уйғонгандек бўлади. Бу — тириклигида дуч келган, суҳбатидан баҳраманд бўлган устозлар тимсолини китобларда кўриш… Бутун умрини сўз заҳматига бағишлаган ҳали қанчалаб ватандошларимиз ҳақида арзирли эҳтиром намойиш қилингани йўқ ҳисоби, уларнинг номи бир қур эсланмагани ҳам бор гап. Ҳолбуки, қаҳрамон қидириб узоқларга бориб ўтириш шарт эмас — бу борада Шукур аканинг ўзи яхши ибрат бўлиб турибди. Умид билан шу майдонга кирган, ўз иқтидори даражасида нимадир қилган, баъзан тазйиқлар остида хатоларга ҳам йўл қўйган (барибир уларнинг нияти эзгу бўлган) зотлар ҳақида шундай асарлар кўплаб яратилса, миллий маданиятимиз бундан фақат ютган бўлади. Ҳар қандай гапни маромида, “кифтини келиштириб” айтса бўлади. Гоҳ шогирд мақомида ёки қариндош сифатида, ҳеч қуриса ватандош рутбасида шу руҳдаги асарларнинг яратилиши бизнинг ўтмишга ҳурматимиз бўлиши билан бирга келажакка сармоямиз ҳам ҳисобланар эди. Ахир Навоийлар туғилмаяпти эмас, туғилаяпти, фақат улар Навоий бўлиб вояга ета олмаяпти, холос.
Ҳаким САТТОРИЙ
«Milliy tiklanish» газетасидан олинди
ЎзА