Нукус шаҳрида “Қорақалпоғистоннинг миллий қадриятлари” мавзусида халқ амалий санъати ва миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-савдоси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда Қорақалпоғистондаги халқ ҳунармандчилиги ва амалий санъати кенг оммага намойиш қилинди ва шу ерда моҳир уста-ҳунармандлар томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.
– Президентимизнинг 2017 йил 17 ноябрда имзоланган “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони соҳа ривожида катта туртки бўлди, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмаси бошлиғи Дилфуза Алламбергенова. – Ушбу ҳужжат эълон қилингунга қадар Қорақалпоғистонда 330 нафар ҳунарманд уюшмага аъзо бўлган бўлса, ҳозирда аъзолар сони 900 дан ортди. Ҳунармандчиликни ривожлантириш орқали ҳудудда жорий йилда 1 минг 500 га яқин янги иш ўрни яратилди. Уюшма ҳузурида 600 дан ортиқ шогирдлар рўйхатдан ўтиб, иш бошлаган. Талабгорлар сони кўпаймоқда.
Қорақалпоғистонлик уста-ҳунармандларнинг маҳсулотлари хорижликларда ҳам катта қизиқиш уйғотаётгани эътиборга молик. Хусусан, Сингапур давлатида қорақалпоқ ўтовларига, Европада сувенир ўйинчоқлар, миллий гиламчилик санъатига қизиқиш ортмоқда.
Ҳамкорлик самараси ўлароқ, Қозоғистон пойтахти Остона шаҳридаги супермаркетлардан бирида қорақалпоғистонлик ҳунармандлар учун катта савдо майдони ажратилди. Жорий йилда Қорақалпоғистонда қарийб 9 миллиард сўм кредит эвазига ҳунармандчилик доирасида 203 лойиҳа амалга оширилди.