Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, ҳуқуқий давлатни мустаҳкамлаш бўйича демократик ислоҳотлар янги босқичга кўтарилди. Ижтимоий-сиёсий ҳаётда фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бу босқичнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади. Мамлакатимизда сайлов тизимини демократлаштириш жараёни кечаётгани шу мақсадга хизмат қилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш масаласига эътибор қаратилди. Бу соҳада қабул қилинган 6 та қонун ва бир қанча қонуности ҳужжатлари, афсуски, ҳанузгача ягона ҳужжат сифатида бирлаштирилмагани, шу муносабат билан халқаро нормалар ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф этилди.

Дарҳақиқат, сайлов тизими демократик жамият сиёсий тизимининг муҳим хусусияти бўлиб, сайланадиган давлат органларини шакллантириш тартиби ва принципларини, фуқаролар сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар мажмуини акс эттиради.

Конституциямизда фуқароларнинг асосий сиёсий ҳуқуқларидан бири сифатида фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишга доир ҳуқуқи назарда тутилган. Масалан, Бош қомусимизнинг 32-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш йўли билан амалга оширилади.

Ҳозирги вақтда Марказий сайлов комиссияси томонидан Олий Мажлис палаталари, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар ва бошқа идоралар билан бирга ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг лойиҳасини кенг муҳокама қилиш жараёни давом этмоқда. Лойиҳа сайловни кузатиш бўйича халқаро ташкилотлар миссиялари, шу жумладан, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси, ШҲТ, МДҲ, Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти миссияларининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда тайёрланган. Бу жараёнда сайлов тўғрисидаги қонун ҳужжатларини инвентаризациялаш ҳамда сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш миллий амалиётини умумлаштириш, шунингдек, хорижий тажрибани ўрганишга ҳам эътибор қаратилган.

Сайлов кодексининг лойиҳаси фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш, Президент, Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш, шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга соладиган амалдаги сайлов тўғрисидаги қонунлар нормаларини бирхиллаштиришни назарда тутади.

Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши қонун ҳужжатлари нормалари такрорланишининг олдини олиш, сайлов жараёнининг кўплаб тартиб-таомиллари масалаларига аниқлик киритади. Жумладан, участка сайлов комиссиялари ишларини ойдинлаштириш, сайлов кампаниясининг очиқлиги ва ошкоралиги тамойилларини мустаҳкамлаш, сайловчилар рўйхатини тузиш, аниқлаштириш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишда шаффофлик тамойилини таъминлаш имконини беради.

Ҳозирги вақтда Олий Мажлис Сенати аъзолари Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ сайланади. Сайлов кодекси лойиҳасини тайёрлашда мазкур норма бутун сайлов жараёни қонун нормалари билан тартибга солиниши зарурлиги ҳақидаги халқаро талаблардан келиб чиққан ҳолда ҳар томонлама муҳокама қилинди. Лойиҳада Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш, шу жумладан, такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов ўтказишнинг тартиб-таомили мустаҳкамлаб қўйилмоқда, шунингдек, бўшаб қолган Сенат аъзолари сайлови ўтказиш муддатлари белгиланмоқда.

Лойиҳада, шунингдек, Ўзбекистон сайловчилари ягона электрон рўйхатининг амал қилиши тартиби мустаҳкамланмоқда. Ҳозирги вақтда уни сайлов жараёнига татбиқ этиш дастури яратилган бўлиб, 2017 йил декабрда Тошкент шаҳрида халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлари сайловида муваффақиятли синовдан ўтди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сайловида сиёсий партияларнинг иштирок этиш имкониятлари кенгаймоқда. Халқ депутатларининг туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида фақат сиёсий партиялар депутатликка номзодлар кўрсатиш мутлақ ҳуқуқига эга бўлиши назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг қабул қилиниши сайлов тўғрисидаги қонунларни бирхиллаштириш ва янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Светлана Ортиқова,
 
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис
Сенати Раисининг ўринбосари

 

ЎзА