Ўзбекистон адраснинг ватани. Марғилон қадимий матонинг турфа хил ва кўринишларини яратиб келаётган ҳунармандларга бой макон. Шу заминнинг фарзанди, қўли гул ҳунарманд Нурмуҳаммад Валиевнинг адрасчилик соҳасида қилаётган янгиликлари бизнинг эътиборимизни тортди.
Қарийб 30 йиллик умрини адраснинг нодир ва асл намуналарини яратишга бағишлаган Н. Валиев, аслида, адрасчилик ортидан бу даражагача эришишни, у туфайли дунё кезишни тасаввур ҳам қилмаган эди. Чунки ота-боболари меҳнати ортидан фақат рўзғор тебратарди. Н. Валиев ҳунари орқасидан кўплаб халқаро танловларда қатнашди, нафис адрасни дунё халқларига таништирди. Бугун Европанинг турли мамлакатлари ҳам бизнинг миллий матомизни билишади. Н. Валиев Россия, Италия ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида бўлди. У ердаги ҳунармандлардан машаққатли меҳнат сирларини ўртоқлашиб, улардан ҳам кўплаб янгиликлар олди. Ўз салоҳиятини янада оширди. Натижада, сулоласи давом эттириб келаётган адрас тўқиш усулини технология даражасига кўтарди. Беш авлоддан ошиб келаётган ҳунар тарихига назар солсак, ушбу сулола ўнлаб йўқолиб кетиш арафасида бўлган адрас турларини янада такомиллаштириб уларни янги кўринишларини яратган. Бугун Валиевлар хонадонидан чанги, пештоқ, алвон, чимилдиқ, товус каби қадимий матоларнинг янги кўринишларини учратишингиз мумкин.
– Адрас ипак толаларидан тўқилса-да ундан қиш фаслида оддий либослар учун фойдаланиб бўлмас эди. Кўплаб дизайнлар эса юпқа адрасдан тикилган чопон ва нимчаларни мато танлаш этикасига тўғри келмаслигини таъкидлашарди, – дейди Н. Валиев. – Биз бугун адраснинг қишда ҳам бемалол либос тикиб кийиб юрадиган турини яратдик. Энди улардан аёллар либослари учун бемалол фойдаланиш мумкин. Ҳатто қўл остимиздаги тикувчи қизларимиз қалин адрасдан палто ва замонавий курткалар тикмоқда.
Қишда ранг-баранг палтони кийиб бўлмайди. Айни вақтда буни ҳам инобатга олиб Валиевлар сулоласи бир хил рангли, икки ён тарафдан товланиб турувчи мато устида изланишлар олиб бормоқда. Шундай экан яқин орада бозорларимизда адрасдан тикилган қишки кийимлар оммалашиб кетса ҳеч қандай ажабланмасдан харид қилаверинг. Чунки ҳаммаси синалган, мато ҳаво ўтказувчанлик хусусиятига эга бўлгани учун инсон саломатлигига жуда фойдали ҳисобланади.
Дилобар Маматова, ЎзА