Кунлар совиши билан оммавий ахборот воситаларида ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатлар тафсилоти кўпайиб қолди. Албатта, бу аввало эътиборсизлигимиз, шунингдек, носоз газ ускуналаридан фойдаланиш ва мавсум олди ишларининг етарли даражада ташкил этилмаганидан далолатдир.
Бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишда корхона ва ташкилотлар, маҳаллаларда олиб борилаётган профилактик тадбирлар муҳим аҳамиятга эга. Хўш, бу борада Тошкент вилоятида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Вилоят ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, ёнғин хавфсизлиги, газ ва электр тармоқлари корхоналари масъуллари ҳамда маҳалла фаолларидан иборат ишчи гуруҳлар томонидан ёнғин, ис газидан заҳарланиш ва бошқа фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олиш борасида комплекс тадбирлар ташкил этилмоқда. Хусусан, уйма-уй юриш орқали аҳолига фавқулодда ҳолатлар, уларни келтириб чиқарувчи омиллар ва уларнинг олдини олиш, жумладан, носоз электр ва газ ускуналаридан фойдаланмаслик, ёш болаларни назоратсиз қолдирмаслик каби нохуш вазиятларни юзага келтирувчи ҳолатларнинг олдини олиш хусусида тушунчалар берилмоқда.
Ишчи гуруҳлар томонидан айни пайтга қадар қарийб 4 минг 700 та уй ўрганилиб, 130 та иситиш печининг турли носозликлари жойида бартараф этилган. Шунингдек, 51 та ҳолатда яроқсиз газ шлангидан ва 5 та ҳолатда газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланиб, тегишли тартибда чора кўрилган.
Профилактик тадбирлар мобайнида 73 та кўп қаватли уйнинг 1 минг 800 га яқин хонадонлари ҳам ёнғин ва ис газидан заҳарланиш ҳолати бўйича текширилган. Ўрганишлар натижасида 82 та ҳолатда иситиш печларининг, 15 та ҳолатда иситиш печлари хавфсизлик автоматикасининг носозлиги, яна 15 ҳолатда яроқсиз шланглардан фойдаланиш ҳолатлари аниқланиб, бартараф этилган.
Халқимиз “Касални даволагандан кўра, олдини олган яхши”, дейди. Гап хонадонимизда юз бериши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатлар, хусусан ис газидан заҳарланиш ҳақида борар экан, бундай “касал“ни даволаш деярлик имконсиз эканини қайд этиш лозим. Шундай экан, имкони борида олдини олиш зарур.
Авазбек Худойқулов, ЎзА