Кимё саноатини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16 октябрь куни кимё саноатини жадал ривожлантириш, тармоққа хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб қилиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.

Маълумки, кимё соҳаси замонавий саноатнинг “катализатори” бўлиб, ҳар қандай ишлаб чиқариш негизида кимёвий жараёнлар ётади, бу соҳасиз иқтисодиётда тараққиёт бўлмайди.

Ўзбекистон заминида Менделеев жадвалидаги қарийб барча кимёвий элементлар мавжуд, мамлакатимиз углеводородларга бой бўлса-да, кимё саноатимиз асосан қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғит ишлаб чиқаришга ихтисослашган.

Қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик, машинасозлик каби тармоқлар учун зарур бўлган мураккаб полимерлар, катализаторлар, реагентлар ва синтетик толалар ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган.

Бунинг оқибатида ҳар йили 1,5 миллиард долларлик кимё маҳсулотлари импорт қилинмоқда. Ишлаб чиқарилаётган фосфор ва калийли минерал ўғитлар ҳам мавжуд талабнинг фақат учдан бирини қоплайди, холос.

Мураккаб минерал ўғитлар ишлаб чиқариш қувватлари 60-70 фоизга эскиргани энергия ресурсларининг ортиқча сарфланиши, кимё маҳсулотлари таннархининг ошишига олиб келмоқда.

1d793916-9945-3b41-4c48-d66d015afcc2.jpg

Ўтган йилдан минерал ўғитга талабни қондириш учун 3,1 миллиард долларлик 17 та инвестиция лойиҳаси амалга оширила бошлади. Бундан ташқари, кимё саноати маҳсулотларини диверсификация қилиш мақсадида 2025 йилгача 4,2 миллиард долларлик яна 17 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади.

Шунинг учун, кимё тармоғига хорижий инвестиция ва замонавий технологияларни жалб қилиш, маҳсулот ҳажми ва турини кўпайтириш, соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг муҳим ва устувор вазифаси бўлиши зарур.

Йиғилишда тармоқдаги камчиликларни бартараф этиш ва кимё саноатини янада ривожлантириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, тармоқни ривожлантириш учун янги замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш зарур.

Бугунги кунда мамлакатимизда азотли ўғитларга талаб 73 фоиз, фосфорли ўғитларга 20 фоиз таъминланмоқда. Азотли ўғит ишлаб чиқариш қувватларининг ўртача эскириш даражаси 64 фоизни, фосфорли ўғит бўйича 77 фоизни ташкил қилади.

Соҳадаги вазиятни яхшилаш мақсадида келаси беш йилда умумий қиймати 2,8 миллиард долларлик 9 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган бўлиб, бунинг натижасида минерал ўғит ва сульфат кислотаси ишлаб чиқариш ҳажми 2 баробар кўпаяди. Азотли ва калийли ўғитларга талаб тўла қопланади, фосфорли ўғитларга эҳтиёжни қондириш даражаси бир неча баробар оширилади.

Айни пайтда табиий газнинг атиги 14 фоизи, жумладан, кимё тармоғида 5 фоизи чуқур қайта ишланмоқда. Кремний, каолин ва гипс хомашёсидан кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш эътибордан четда қолмоқда.

Маълумотларга кўра, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ноўғит маҳсулотлар, асосан полиэтилен, полипропилен, полистиролга хорижий давлатлардаги эҳтиёжнинг молиявий қиймати 100 миллиард доллардан ошади. Бу эса биз учун яхши имкониятдир.

Шу сабабли, кимё саноатида маҳсулотлар турини диверсификация қилиш учун органик моддалар ишлаб чиқариш бўйича 15 та ва ноорганик моддалар бўйича 8 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Президентимиз мутасадди раҳбарларга ушбу лойиҳаларни амалга оширишга хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича топшириқлар берди.

Кимё саноатида йирик инвестиция лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этиш учун тизимнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш лозим. Йиғилишда “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамиятининг молиявий аҳволини яхшилаш юзасидан ҳам кўрсатмалар берилди.

Соҳага инновациялар умуман жорий қилинмагани, илм-фан салоҳиятидан самарали фойдаланилмаётгани танқид қилинди. Шунинг учун Корея кимё-технологиялари илмий-тадқиқот институти (KRICT) билан ҳамкорликда Тошкент кимё-технология илмий-тадқиқот институти негизида илмий-тадқиқот, лойиҳалаш ва муҳандислик, кадрлар тайёрлашга ихтисослашган марказ барпо этишни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда мутасаддиларга белгиланган барча вазифалар бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва унинг ижросини мунтазам муҳокама қилиб бориш топширилди.

 

ЎзА