15 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Суҳбат аввалида мунтазамлик касб этган олий даражадаги мулоқот ва учрашувлар қардош халқларимизнинг кўп асрлик дўстлигини, ўзаро ҳурмат, қўллаб-қувватлаш ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга, икки томонлама фойдали ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилаётгани катта мамнуният билан қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президентини оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун Осиё-Тинч океани телерадиоэшиттирувчилар уюшмаси мукофоти соҳиби бўлгани билан самимий табриклади.
Жорий йил август ойида Авазада Туркманистон Президенти раислигида муваффақиятли ўтказилган Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси саммитининг самарали натижалари юқори баҳоланди. Экология масалалари, жумладан, Орол ҳалокати оқибатларини бартараф этиш Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Туркманистон Президенти давлатимиз раҳбарига самимий табрик учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама муносабатлар изчил мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Савдо, ишлаб чиқариш кооперацияси, энергетика, самарали транспорт коммуникацияларини ривожлантириш ва бошқа соҳаларда ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Ҳудудлараро алоқалар ва маданий-гуманитар алмашувларни кенгайтириш муҳимлиги қайд этилди. Хусусан, жорий йил 14 октябрь куни Термиз шаҳрида Туркманистон ижодий жамоалари иштирокида концерт муваффақиятли ўтгани таъкидланди.
Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мулоқот сўнгида давлат раҳбарлари қардош мамлакатларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва амалий ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга интилишлари қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.
ЎзА