​Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги маънавий ва маданий ҳамкорлик янги босқичда

“Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги маънавий ва маданий ҳамкорликнинг долзарб масалалари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Бугун мамлакатнинг етакчи ғоявий ташкилоти саналган Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббусига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда юртимизда яшаётган барча миллат ва элатлар, ижтимоий тоифа вакиллари ўртасида миллий ғояни кенг тарғиб этиш, бунёдкорлик руҳини ялпи ижтимоий ҳаракатга айлантириш мақсадида “Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги маънавий ва маданий ҳамкорликнинг долзарб масалалари” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикасига ташрифи чоғида қилган маърузаларида “Маданий-гуманитар алоқалар ва маънавий қадриятлар ҳамдўстлик мамлакатларини ҳамиша бирлаштириб келаётган кучдир”, дея таъкидладилар.
Дарҳақиқат, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши, биз яшаётган бугунги даврнинг ўзи давлатимиз мустақиллиги ва суверенитетини мустаҳкамлаш, мамлакат атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратишга қаратилган пухта ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий сиёсатни юритиш, шунингдек, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда.
Шу боис, шахсан давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан янгидан ташкил этилган Республика Маънавият ва маърифат Кенгаши, Республика Маънавият ва маърифат маркази фаолиятида Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўзаро маданий-гуманитар ва маънавий-маърифий алоқаларни янада юқори даражага кўтаришга қаратилган муҳим тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Самимий руҳда ўтказилган мазкур давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг раис ўринбосари С.Артикова, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати А.Қодиров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қошидаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов иштирок этиб, жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликни таъминлашга қаратилган давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, дўстлик ва кўп миллатли ягона оила туйғуси муҳитини мустаҳкамлашда юртимиздаги барча миллий маданий марказларнинг ўрнини алоҳида эътироф этиб, уларни яқин ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликка чақирди.
Шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон республикаларининг Ўзбекистондаги элчихоналари масъул ходимлари иштирок этиб, бундай учрашувларни тез-тез ташкил этиш ҳамда “Халқ дипломатияси” механизмини янада кучайтириш борасида ўзларининг таклиф ва тавсияларини беришди.
Зебо Нурмонова,
Республика Маънавият ва маърифат маркази матбуот хизмати ходими​

 

ЎзА