Навоий шаҳридаги “Фарҳод” маданият саройида Россия Федерацияси Татаристон Республикасининг “Қозон” рақс ансамбли иштирокида концерт дастури бўлиб ўтди.
“Навоий кон-металлургия комбинати” давлат корхонаси тизимидаги ташкилотлар, халқ таълими ва маданият бошқармалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши вакиллари ҳамда талабалар иштирок этган тадбирда 50 нафар санъаткордан иборат ансамблнинг чиқишлари, қўшиқ ва рақслари барчага манзур бўлди.
“Қозон” хазинаси” дастуридаги табрик, чўл чавандозлари, “Татарча тўй” каби ҳажвий йўналишда саҳналаштирилган рақслар айниқса, санъат ихлосмандларида катта таассурот қолдирди.
– Гуруҳимиз 1997 йил ташкил этилган бўлиб, дастуримиз асосан, халқимизнинг миллий урф-одатлари, қадриятларидан намуналардан иборат, – дейди ансамбль раҳбари, Татаристон халқ артисти Ч.Закирова. – Ўзбекистонга иккинчи бор келишимиз. Ижодий сафар давомида юртингизда яшаётган миллатдошларимиз билан яқиндан танишдик.
Шунингдек, “Ялла” гуруҳи репертуаридаги “Чойхона”, “Учқудуқ”, “Азия” ва ўзбек миллий тароналаридан “Наманганнинг олмаси” каби қўшиқлар татар санъаткорлари ижросида айтилиши ҳамда хоразмча рақслар иштирокчиларга хушкайфият бағишлади.
– Ўзбекистонда яшаётганимга 60 йил бўлди, – дейди тадбир иштирокчиси Р.Аҳмедова. – Асли Татаристонда туғилиб ўсганман, болалигим ўша юртда ўтган. Қариндошлар, яқинларни кўриш учун Татаристонга бориб тураман. Ўзлари ҳам меҳмонга келишади. Тилимиз, анъаналаримиз жуда яқинлигидан қувонаман. Концертда миллатдошларимни кўриб, тўғриси, жуда ҳаяжонландим. Улар билан суҳбатлашдим. Бундай учрашувлар халқларимиз ўртасида ўзаро муносабатларни янада яхшилашига ишонаман.