“Ахборот“ телевизион дастури эфирга чиққанига роппа-роса 50 йил тўлди. Бу дастур 1968 йили биринчи бўлиб эфир юзини кўрган эди. Ярим аср мобайнида, бугун ҳам Ўзбекистон халқи Республика ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётида содир бўлаётган барча муҳим воқеалардан Ўзбекистон телевидениесининг ана шу бош янгиликлар дастури орқали воқиф бўлиб келмоқда.

“Ахборот” сўнгги 27 йилдан буён Ўзбекистон Мустақиллигининг солномасига айланган. Унда кечқурун, телетомошабинлар энг кўп йиғилган прам-таймда, Республика меҳнаткашларининг улкан меҳнат ғалабалари, давлат раҳбарининг байрам табриклари, саноат, қурилиш, қишлоқ хўжалиги илғорларининг ютуқларидан хабар топамиз.

“Ахборот” ёки “Ўзбекистоннинг Время”си Москва телевидениесининг жаҳонга машҳур “Время” ахборот дастури эфирга чиққанидан роппа-роса олти ой кейин эфирга чиқади ва республика телетомошабинларининг ҳар куни орзиқиб кутадиган севимли телевизион янгиликлар кўрсатувига айланди. Ҳар бир ишнинг ўз ижодкори, ташкилотчиси бўлганидек, Ўзбекистон телевидениесида Республиканинг бу бош янгиликлар дастурига таниқли телевизион журналист Анвар Заҳидович Тожиев бошчилигидаги 10-12 кишидан иборат ижодкор асос солган эди. 1968 йили Москвадаги Олий партия мактабини битириб келган Анвар ака Тожиев телевидениеда ана шу ном билан ахборот дастурини ташкил этиш таклифи билан чиқади. Бу таклифни Республика телевидениеси Бадиий Кенгашининг барча аъзолари бир овоздан қабул қиладилар. Заҳматкаш ижодкор Анвар Тожиев бугун 80 ёшдан ошиб 90 га қараб кетишига қармай ҳаётда, ижодда ҳамон фаол. У киши томонидан ёзилган бадиҳалар, миниатюралар, суҳбатлар бот-бот республика газета ва журналларида чоп этилиб турибди. Анвар Тожиев Ўзбекистон телевидениесида берилган биринчи телеочерк, биринчи тўғридан-тўғри телевизион репортаж жанрларининг асосчиси. Ўтган асрнинг 60 йилларида Анвар Тожиев томонидан тайёрланган Чирчиқдаги Электркимё комбинати оператори, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Омон Ильёсов ҳақидаги телекўрсатуви, Фарғона вилояти Бешариқ тумани қишлоқ меҳнаткашларининг йиллик пахта тайёрлаш режасини бажарганлиги тўғрисидаги Бешариқдан тўғридан-тўғри олиб берган репортажи ёки Зарафшон олтин кони ишчи-хизматчиларидан 11 кишига, жумладан, академик Иброҳим Ҳамробоев билан машҳур геолог Ҳабибулла Тўлагановларга шу пайтдаги Иттифоқдаги энг нуфузли Ленин мукофотини топшириш тантаналаридан олиб борган репортажлари, шунингдек, машҳур хонандалар, Ўзбекистон халқ артистлари Таваккал Қодиров билан Жалолхон Охуновларнинг байрам концерт дастурлари Ўзбекистон телевидениесининг тарихига олтин ҳарфлар билан ёзилган. Биз бугун Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” дастури ходимлари ва камтарин инсон, моҳир журналист, ўнлаб журналист шогирдлар устози Анвар ака Тожиевни, “Ахборот”да ишлаган юзлаб телевидение ходимларини “Ахборот” телевизион дастурининг 50 йиллик юбилейи билан чин қалбимиздан муборакбод этамиз. Уларга соғлик, сиҳат-саломатлик, узоқ умр, бундан буён ҳам Республика ҳаётини оператив ва ҳаққоний ёритишдаги ишларига каттадан-катта муваффақиятлар тилаб қоламиз.

“АХБОРОТ – 50 ёшда” номли навбатдаги материал “Ахборот” телевизион дастурини ташкил этган ва уни 22 йил мобайнида бошқарган журналист, телевидение фахрийси Анвар Тожиевга тааллуқлидир.

АХБОРОТ – 50 ёшда

“Ахборот-24” дастурини ҳар куни кўраман. Бу дастур республикамизнинг аксарият аҳолиси учун асосий маълумотлар манбаи бўлиб қолган десам янглишмайман. Дастурнинг тезкорлиги, кўтарилаётган мавзуларнинг салобатлиги ва қамровининг кенглиги, журналистик маҳорат каби талаблар юқори талаб даражаларига мос келади. Булар – юқори малакали шарҳловчилар, бошловчилар, мухбирлар, режиссёрлар, тасвирчилар, монтажчилар меҳнатининг яхлит натижасидир. Мен бу дастурни кўриб, қувонаман, фахрланаман. “АХБОРОТ”нинг бугунги даражага эришиши дастур жамоасининг 50 йиллик ижодий ва ташкилий фаолиятининг якуни эканини таъкидлаб ўтмоқчиман.

Бундай дейишимга асос – мен 1962 йили телевидениега муҳаррир бўлиб ишга келган эдим.1968 йили Москвада ўқишни тугатиб, қайтишим билан “Телевизион янгиликлар” таҳририятига Бош муҳаррир этиб тайинландим. Бу лавозимда
22 йил ишлаб, нафақат “Ахборот” дастури, айни вақтда, республикамиз ҳаётида юз берган деярли ҳамма йирик воқеаларнинг шоҳиди бўлдим ва шу воқеаларни “Ахборот” орқали республикага ва ундан ташқарига узатишда иштирок этдим. Етмишинчи-саксонинчи йиллари “Ахборот” республиканинг энг тезкор ва кенг қамровли маълумотлар манбаига айланганини замондошларимиз эсласалар керак. Бунинг учун дастур ходимлари узоқ ва машаққатли даврларни бошдан кечирган эдилар. Ҳатто, дастурнинг номини “Ахборот” деб аталишига қанчалик қаршилик бўлганини яхши эслайман. Нима учундир бизга дастурни “Телегазета”, “Янгилик” каби номлар билан аташни талаб қилишганди. “Ахборот” дастури ярим асрдан бери, ҳар куни, белгиланган вақтда миллионлаб томошабинларни ўз даврасига олиб, дунё воқеаларидан бохабар қилади, юртимизни дунёга тараннум этади. (бу давр ичида бирор марта “Ахборот” бирор сабаб билан экранга чиқмай қолган эмас!)

Ўтмишимизга назар: 1966 йил 1 январь куни Ўзбекистон телевидениеси шошилинч равишда иттифоқ телеканалига уланган эди. Сабаби – ўша вақтда Ҳиндистон билан Покистон ўртасида юз берган қонли тўқнашув бу икки давлат раҳбарларининг 1966 йил 10 январда Тошкентда бўлган учрашуви натижасида барҳам топиб, сулҳ шартномаси имзоланди. Шу туфайли “Тошкент – тинчлик шаҳри” деган ном олди. Бу учрашув ва унинг якуни – сулҳ келишуви оламшумул воқеа бўлиб, у биринчи марта Тошкентдан бевосита бутун дунёга олиб кўрсатилди.

Шу куни дунё Тошкентни кўрган эди. Бу масъул вазифани ўзимизда тарбия топган қора кўз йигитларимиз амалга оширган эдилар. 1968 йилнинг 1 январь куни марказий телевидение “Время” номли янги ахборот дастурини эфирга узатди. Унинг дастлабки сонлари камчилик ва янглишувлардан холи бўлмаса ҳам, биз учун, нафақат телевидение ходимлари учун, мамлакат аҳолиси учун катта воқеа бўлган эди. Биз хабар ва маълумотларни воқеа юз бераётган жойдан, тезкорлик ва шарҳи билан кўра бошладик. Европа ва жаҳон телевидениеси иши, тажрибаси билан таниша бошладик.

Биз қачонлардир бундай дастурни тайёрлаб эфирга узатишни хаёлимизга ҳам келтира олмас эдик. Кучимиз, имкониятимиз, тажрибамиз етмаслигини аниқ билардик. Улардаги мавжуд техника, ходимларнинг касб маҳорати каби талаблар бизга мутлақо нотаниш эди. Аввало, ўша вақтда Ўзбекистон телевидениеси атиги битта дастурда, кеч соат 18:00 дан бошланиб, 23:00 да тугалланар, унинг орасида марказий телевидениенинг “Время” ва бошқа дастурлари олиб кўрсатилар, бўш қолган вақтларда эса бизнинг кўрсатувлар, жумладан, русча (10 мин) ва ўзбекча (15 мин) “Телевизион янгиликлар” дастурлари эфирга чиқар эди. “Время” дастури доим бир вақтда эфирга узатилгани сабабли, бизнинг “Телевизион янгиликлар” дастурларимиз ҳам доимий бир вақтда, эфирга чиқадиган бўлиб қолди. (рус тилида соат 19:30да ва ўзбекча соат 20:30 да).

Ҳар куни “Время” дастурини кўришни ҳамма ходимларимиз учун қоида қилиб қўйдик. Биз учун ягона маҳорат мактаби ҳам шу эди-да. Биз ҳар куни атиги 2 та киносюжет тайёрлаб, эфирга узатиш қудратига эга эдик. У вақтда ҳали видеотехника яратилмаган, кинофильмларни тасвирга олишда қўлланадиган мураккаб ва беўхшов киноаппаратларда ишлар эдик. Киноленталарни кимёвий ишлаш, монтаж қилиш, нусха кўчириш анча вақт ва меҳнат талаб қиларди. Телевидение жанрлари ҳали тараққий этмаган, интервью, репортаж, лавҳаларни тайёрлаш фақат орзу эди, холос. Киноленталар чекланган, унинг устига аппаратлар бузилиши туфайли кўп ленталар ишдан чиқиб, ишлатиб бўлмай қоларди. Дастурларда фото, эски киножурналлардаги сюжетлардан кенг фойдаланар эдик. Бирор олий ўқув юртларида телевидение мутахассисликлари бўйича мутахассислар (репортёр, тасвирчи, режиссёр, шарҳловчи ва ҳоказо) тайёрланмас, ходимлар асосан газета ва радиодан таклиф этиларди. “Время” экран юзини кўрган биринчи кунларданоқ, телевидение раҳбари Убай Бурҳонов (руҳи шод бўлсин!) бизга ҳар куни “Время”нинг кечаги сонини таҳлил қилиш, ундан нимани биз қила олишимизни аниқлаш, шу кунги дастурга битта янгилик киритишни талаб қилар, биз билан кундалик режани тузишга бошчилик қилар, ходимларга шошилинч топшириқлар берарди. Хуллас, “Ахборот”нинг (ҳозиргача умрбоқий бошқа қатор кўрсатувларнинг ҳа
м) асосчиси, “отаси” Убай Бурҳонов бўлган эди.

Бизнинг авлод бу одамнинг маҳорати, ғайратига қойил қолар, ҳаммамиз уни “телевидение билимдони” деб атардик. Унинг “Время”нинг кечаги сонида қайси материал сизга ёқди?”, “Биз ҳам шунақа тайёрлай оламизми?”, “Бугун дастурга нима янгилик киритамиз?” деган гаплари узоқ йиллар давомида қулоғимиз олдида янграгандай бўларди. 1968 йилнинг ёзида қўрқмасдан якшанба куни дастурига “Ахборот” номли 30 минутлик таҳлилий-ахборот дастури кундалик кўрсатувлар жадвалига киритилди ва эфирга узатила бошланди. Бу ишнинг мушкуллигини кўз олдингизга келтиринг. Якшанба куни, ҳамма идоралар ва ташкилотлар дам олаётган вақтда бирор маълумотни суриштириб, аниқлаб олишнинг имкони бўлмасди.

1975 йилга келиб, 30 минутлик “Ахборот” дастури ўзбек тилида ҳар куни, доим бир вақтда эфирга чиқадиган бўлиб қолди. Бу дастур атрофига аввал спорт, маданият, халқаро масалалар, “шу куннинг энг муҳим мавзуси” бўйича, кейинроқ, иқтисодий, сиёсий масалалар бўйича шарҳловчилар тўплана бошлади. Йирик қурилишларда (Қарши чўлини ўзлаштириш, Чорвоқ ва Андижон сув омбори, Олмалиқ саноат зонаси ва бошқа) жойларда “Ахборот”нинг мухбирлик постлари ташкил этила бошлади. Дастлаб Самарқанд, Бухоро, Урганч, Фарғона, Андижон вилоятларида, кейин бошқа жойларда “Ахборот” мухбирлари пункти ташкил этилди. Дастлабки тор кинолентага тасвирга оладиган киноаппаратлар келтирилди. Қулай видеоаппаратлар фақатгина тўқсонинчи йилларигина келган. “Ахборот” танқид қилади ”рукни республикада катта обру қозонди. Ходимларимиз оддий сюжетлардан лавҳа, репортаж, интервью тайёрлай бошладилар. Республиканинг энг машҳур кишилари мунтазам равишда “Ахборот”да сўзга чиқадиган бўлишди. (Ўша вақтда эшитган гапимиз: бир илғор хўжаликда йил якуни бўйича кимни қандай тақдирлаш ҳақидаги масала муҳокама қилиниб, унда бир ходимни орденга, яна бирини медалга, учинчисини “Ахборот”да сўзга чиқишга тавсия этиш ҳақида қарор қабул қилинган экан). Ўша вақтларда Республикамизнинг энг таниқли кишилари – Турсуной Охунова, Шоймардон Қудратов, Мамажон Дадажонов, Аҳмаджон Валиев, Назрулла Маннонов (авиасозлик заводи) каби Меҳнат қаҳрамонлари, фан ва маданият арбоблари, хорижий меҳмонлар “Ахборот” дастурида сўзга чиқишган, интервью беришган, ўз иш тажрибалари билан ўртоқлашишган эди.

“Ахборот” дастури Ўзбекистон телевидениесида биринчилар қатори ўз кўрсатувларини рангли тасвирда намойиш этишга ўтган. Тошкент телемарказининг янги биноси қурилиши билан танишгани келган, ўша вақтлардаги республика раҳбари Шароф Рашидов “Ахборот” дастурининг мавқеини назарда тутиб, уни ҳам (мусиқали ва драматик дастурлар қатори) биринчи навбатда рангли тасвирга ўтказиш зарурлигини таъкидлаган эди.

Шуни фахр билан айтишим мумкинки, Куба давлатининг раҳбарлари Фидел ва Раул Кастро Рус, Швеция қироли Карл Густав, Ҳиндистон бош вазирлари – Важпай, Ражив Ганди, Бангладеш давлатининг президенти Мужибур Раҳмон, Ангола президенти Агустино Нето каби давлат арбоблари, Чингиз Айтматов, турк адиби Азиз Несин, Россия хонандаси Людмила Зикина, 20 дан кўпроқ космонавтлар, ҳинд кино устаси Раж Капур, америкалик машҳур боксчи Муҳаммад Али ва бошқалар “Ахборот” мухбирларига интервью беришган.

“Ахборот”нинг биринчи сонидан бошлаб, уни тайёрлашда қатнашган Мели Мирхўжаев, Ҳасан Ҳамраев, Абдулла ва Усмон Каримовлар, Боқижон Имомов, Тўлабой Рўзматов, Анвар Ёқубовлар бутун умрларини телевидениега бағишлаган фидойи одамлар бўлишган. Кейинчалик бу гуруҳга қўшилган муҳаррирлар Тўра Рахимов, Ирисмат Абдухолиқов, Георгий Минин, Кимё Хўжаева, Гулнора Маҳкамова, Анвар Рашидов, Бобур Алихонов, Абдуҳаким Турғунов, Маҳмуд Орипов, Ботир Шарипов, Новрўз Ризаев, Наврўз Мавлонов, Абдуваҳоб Қодиров, мухбирлар – Ғани Досчонов, Озод Ашуров, Тешабой Қодиров, Анатолий Ким, Мухсин Файзуллаев, режиссёр Мирфаёз Рустамов, Валерий Твердохлебов, Саид Зокиров, Саидносир Ҳусанов, Шуҳрат Абдуллаев, тасвирчилар Неъмат Иноғомов, Нуриддин Зиёмуҳамедов ва бошқалар ўз касбларига садоқат кўрсатиб, умрларини шу даргоҳга бағишладилар. “Ахборот”чилардан 11 киши (Гулнора Маҳкамова, Муҳаммаджон Раҳматов, Абдуҳаким Турғунов, Комилжон Каримжонов, Фаррух Рас
улов, Тешабой Қодиров, Нодир Тўлаганов, Фарҳод Маҳмудов, Муаттар Асқарова, Муҳаммаджон Обидов, Абдурауф Қоржовов,) “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист”, Дадахон Ёқубов – Хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Ахборот”га хизмат қилган 2 тасвирчи (Неъмат Иноғомов, Владимир Панов) “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонларига сазовор бўлганлар.

Олдин қилинган ишлар, босиб ўтилган йилларимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Шу билан бир қаторда бугунги Ахборот“чиларнинг ҳам ижодига, меҳнатига катта баҳо бераман. Уларнинг фаолиятини игна билан қудуқ қазишдек машаққатли ҳаракатга тенглаш адолатдан бўлар эди. Айниқса, Нью-Йорк, Пекин, Истанбул ва дунёнинг бошқа бурчакларидан бевосита репортажлар олиб бораётган, давримизнинг энг муҳим мавзуларини ва муаммоларини экранга кўтариб чиқаётган “Ахборот”чилар, таҳририятнинг қатор етакчи ходимлари ўз салоҳиятлари билан республикага танилганлар.

Бугунги кунда қилинадиган ишлар ва талаблар жуда ҳам катта эканлиги ҳаммамизга аён. Ўзбекистон сиёсий, иқтисодий, маданий соҳаларда жаҳон ҳамжамиятининг дастлабки етакчи мамлакатлар сафидан жой олишга астойдил бел боғлаган. Юртимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг жон куйдириб олдимизга қўяётган вазифаларни амалга оширишда “Ўзбекистон 24” канали ва “Ахборот” дастурининг масъулияти жуда катта. Ҳеч шубҳасиз, эллик йил давомида оммавий ахборот воситалари орасида ўзининг доимий ва етакчилик ўрнига эга бўлган теле “Ахборот”чилар бу вазифаларни халқимизни мамнун қиладиган даражада бажарадилар деб ишонч билан айтишимиз мумкин.

Анвар Тожиев, телевидение фахрийси,
 
1968-90-йилларда “Ахборот” дастурининг Бош муҳаррири