Аввал хабар берганимиздек, Ўзбеккино Миллий агентлиги делегацияси аъзолари кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов, кинопродюсер Зафар Юлдошев, кинооператор Жаҳонгир Ибрагимов ва агентликнинг халқаро алоқаларни ривожлантириш хизмати раҳбари Ғолиб Неъматов америкалик киноижодкорлар билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида АҚШда бўлиб турибди.
Делегация «New York film academy”да бўлиб, ўқув жараёни ва талабаларнинг ижодий ишлари билан яқиндан танишди.
Мазкур таълим даргоҳи 1992 йилда ташкил этилган. Бу ерда талабаларга киноматография соҳасининг муҳим йўналишлари бўйича таълим беради. Олийгоҳ ўқув жараёни 3 йиллик бакалавр босқичидан иборат. Талабаларнинг эришган натижалари ва хоҳишини инобатга олиб, бир ярим йиллик магистратура босқичида яна ўқишни давом эттириш мумкин.
Шунингдек, академияда 1 ва 8 ҳафталик қисқа муддатли малака ошириш курслари ҳам мавжуд. Ўқув жараёни актёрлик маҳорати, кинопродюсерлик, кинооператорлик ва анимация йўналишларини ўз ичига олади. Таълим олиш самарадорлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир ўқув синфи 12 талабадан иборат бўлади. Талабалар энг замонавий кино суратга олиш ускуналари ва ётоқхона билан таъминланади. Ушбу олийгоҳда таҳсил олиш истагида бўлган хорижлик талабалар инглиз тилини қай даражада билиши юзасидан махсус тест имтиҳонларидан ўтиши зарур бўлади.
Келажакда Ўзбекистонлик ёш киноижодкорлар бу ерда таҳсил олиши, малака ошириши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
ЎзА