Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳолатлари бўйича маълумот берди.
Вазирликнинг “ишонч тармоғи”га мурожаатлар
2018 йил 10 сентябрдан 27 сентябрь кунигача Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ишонч тармоқларига пахта теримига мажбурий жалб этиш ҳолати юзасидан жами 410та мурожаат келиб тушган. Шундан 228таси Давлат меҳнат инспекцияси инспекторлари томонидан кўриб чиқилган, 26тасида қонунбузарлик ҳолати тасдиқланган, 202та мурожаатда эса пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳолати тасдиқланмаган.
Жойларда ҳолатни ўрганиш пайтида мурожаатчилар турли сабаблар таъсирида ўз шикоятларини қайтариб олаётгани кузатилмоқда. Пахта теримига мажбурий жалб қилиш бўйича тасдиқланмаган ҳолатлар юзасидан қайта текширув ишлари ўтказилмоқда.
2018 йил 27 сентябрь ҳолатига кўра ҳудудлар бўйича мурожаатлар йиғма жадвали:
Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) вакилларига мурожаатлар маълумот базасига кириш ҳуқуқи тақдим этилди.
Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлган Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани Ёшлар иттифоқи фаоли Н.Мирзақобуловнинг туманда жойлашган 53та мактабдаги ёшлар ташкилоти фаолларини пахта теримига мажбурлаш ҳолати Андижон вилояти прокуратураси ва Давлат меҳнат инспекциясининг биргаликда олиб борган текширув-тергов ишлари билан якунланди. Н.Мирзақобулов мажбурлаш ҳолати бўйича маъмурий жавобгарликка ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддасига мувофиқ жаримага тортилган.
10 сентябрдан буён 26та ҳолат бўйича мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Қонунбузарлик содир этгани учун Давлат меҳнат инспекцияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси бўйича қуйидаги шахсларга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 1 баробаридан 3 баробари миқдорида жарима пулини ундириш тўғрисида қарор чиқарилди:
– Фарғона вилояти Қўштепа тумани ҳокими Илёс Новиков,
– Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Хотин-қизлар ишлари бўйича ҳоким ўринбосари Салимова Ш.,
– Қашқадарё вилояти Нишон тумани қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ҳоким ўринбосари Нормўминов У.,
– Жиззах вилояти Пахтакор тумани Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Эргашев А.,
– Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ахмедов К.,
– “Бек барака савдо мажмуаси” МЧЖ директори Турсунов Ю.
Пахта учун пул ва “солиқ” йиғими ҳақида
ОАВ маълумотларига кўра, айрим ҳудудларда пахта терими учун пул маблағларини йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ўзбекистон Республикасида пахта терими учун ҳеч қандай пул йиғимлари ва қўшимча солиқлар назарда тутилмаганлигини эслатиб ўтади.
Аксинча, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан Бош прокуратура ҳузуридаги Мультимедия маркази ҳамкорлигида пахта теримчилари учун яратилган иқтисодий манфаатдорликни ёритиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Республикадаги меҳнат ресурслари етишмайдиган бешта ҳудудда ўтказиладиган пахта терими тарғиботига бағишланган видеолавҳа @terimuz телеграм каналида жойлаштирилгач, бир куннинг ўзида 1.6 млн.дан ортиқ марта кўрилди. Пахта теримида қатнашиш истагида бўлган барча фуқаролар +998712000602, @terimuzbot телеграм боти, шунингдек, www.terim.uz сайтида маълумот қолдиришлари мумкин.
Кўнгилли отрядлар ҳақида
Ҳукумат томонидан аҳолини ихтиёрий пахта теримига рағбатлантириш бўйича турли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири кўнгиллилар орасидан отрядлар тузиш ҳисобланади. Мазкур отряд раҳбарларига пахта мавсуми давомида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари фонди ҳисобидан отряд томонидан терилган 80 тонна пахта учун 1 млн. сўм миқдорида мукофот пули бериш белгиланган. Пахта терими юқори кўрсаткичда амалга оширилган тақдирда мукофот пули ойига 2 млн сўмдан кўпроққа етиши мумкин.
Шу муносабат билан, бу йил пахта теримида ишлаб топилган маблағларга ҳеч қандай солиқ солинмайди.
Қўшимча чора-тадбирлар ҳақида
2018 йил 27 сентябрь Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Ш.Кудбиев топшириғи бўйича вазирнинг биринчи ўринбосари Э.Мухитдинов пахта йиғим-терими кампанияси мониторингини амалга ошираётган Халқаро меҳнат ташкилоти мутахассислари ва бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашув ўтказди. Учрашувда томонлар пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича ҳамкорлик олиб боришга келишишди.
Вазирлик ҳузурида пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳолатларини аниқлаш бўйича ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқлар мониторингини юритувчи гуруҳ ташкил этилган.
Вазирлик мутахассислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-моддаси “Меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлов” бўйича жарима миқдорини сезиларли даражада, яъни биринчи қонунбузарлик ҳолатида энг кам ойлик иш ҳақининг 25-50 баробари ва такрорий ҳолатда энг кам ойлик иш ҳақининг 50-100 баробари миқдорида оширишга қаратилган ҳужжат кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги пахта теримига мажбурий жалб қилиш ҳолати кузатилганда фуқаролар вазирликнинг
+998712000601 рақами ёки @mehnathuquqbot телеграм бот ишонч тармоқларига мурожаат қилишлари зарурлигини эслатиб ўтади.
ЎзА