Таъзим сизга, меҳридарё устозлар!

Ўқитувчилик шарафли, айни пайтда ўта масъулиятли ва мураккаб касб. Юртимизда мазкур касб эгаларига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш борасидаги мисли кўрилмаган ибратли саъй-ҳаракатлар педагоглардан ўз ишига янада садоқат ва фидойилик билан ёндашишни, кенг ва замонавий тафаккур соҳиби бўлишни талаб этмоқда. 

Пойтахтимизда 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган илғор ўқитувчилар, ижодий-маърифий танловларда муваффақиятли иштирок этган педагоглар, фахрий устозлар, педагогика соҳасида илмий-тадқиқот олиб бораётган олимлар, жойлардаги халқ таълими бўлимларининг мутасаддилари тўпландилар.

Бўлиб ўтаётган маърифий учрашувлар, мулоқотлар давомида бугунги кунда ёшларни юксак маънавиятли, мустақил ва соғлом тафаккур соҳиби этиб тарбиялаш, уларни турли маънавий таҳдидлардан ишончли ҳимоялашда педагоглар, кенг жамоатчиликнинг ўрни ва аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилмоқда.

5.JPG

14.JPG
Тадбир иштирокчилари 28 сентябрь куни пойтахтимиздаги Мустақиллик майдонида бўлиб, ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументига гуллар қўйди.

Устоз ва мураббийлар «Ўзэкспомарказ»да бўлиб ўтаётган «ICT EXРO – 2018» кўргазмасига ташриф буюрди. Бу бежиз эмас, зеро, замонавий ва илғор фикрловчи, турли мураккаб вазиятларда тезкор, оқилона ечим топа биладиган, фарзандлар камолотига энг аввало қалб кўзи, юрак қўри билан назар ташлай оладиган ўқитувчи бугуннинг талабига айланди.

Шу куни «Туркистон» саройида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригини Президентнинг маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Тантанали йиғилишда Президентимиз фармонига мувофиқ ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларга пухта билим бериш, ўқиб, изланишга бўлган иштиёқини кучайтириш борасида самарали ва ҳалол меҳнат қилаётган, ўқитиш жараёнига илғор инновацион технологияларни жорий этишга интилаётган педагоглар, устоз ва мураббийларга Ватанимизнинг юксак унвонлари, орден ва медалларини Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.Абдувахитов тантанали равишда топширди.

21.JPG

31.JPG
32.JPG
Шу ернинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси – 2018» республика кўрик-танловининг ғолиб ва совриндорлари диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирланди.

Дарҳақиқат, кейинги икки йил мобайнида мамлакатимиз таълим тизимида туб ижобий ўзгаришлар, кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Юртимизда қабул қилинаётган кўплаб фармон ва қарорлар соҳа учун юксак касбий малакага эга кадрлар тайёрлаш, ўқитиш тизимини жаҳон андозаларига ҳамоҳанг йўлга қўйишда муҳим асос бўлмоқда.

Ўқитиш тизимининг дастлабки бўғини – мактабгача таълим мутлақо янгича асосда ислоҳ этилмоқда. Бунда навқирон авлодни ватанпарвар, юксак ва теран маънавиятли, кенг тафаккурга эга, замонавий фикрлайдиган шахс этиб тарбиялашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Давлат-хусусий шериклик асосида замонавий мактабларни ташкил этишга оид эзгу ташаббуслар мактабгача таълим хизматлари нодавлат секторини янада ривожлантириш, болаларнинг мактабгача таълим тизимига кенгроқ қамраб олинишини таъминлашнинг янги истиқболларини очмоқда.

Ёшларга пухта ва мукаммал таълим бериш, ўқитишни сифат ва мазмун жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш мақсадида умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълим жорий этилди.

Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги амалий ишларни янги босқичга олиб чиқишда янги имкониятларни яратади.

Янги ўқув йилида педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузини юксалтириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш борасидаги ишлар ҳажми тобора ортиб бораётир. Ўқувчиларни педагогик-психологик қўллаб-қувватлаш, бу борада зарур штат бирликларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Юксак маънавиятли, қатъий ҳаётий позицияга эга, фидойи ва ватанпарвар ёшларни тарбиялашга оид ишларни давр руҳига мос тарзда такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Умумтаълим мактаблари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, санъат ва маданият, олимпия захиралари мактаб-интернатлари, академик лицейлар битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва жамоат ишларида фаоллиги учун олтин ва кумуш медаллар таъсис этилди.

Таълим муассасалари ходимларининг ойлик маоши оширилди. Ўқитувчилар таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган турли йиғилиш ва тадбирларга жалб этилмайдиган бўлди. Умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларидан дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш, синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш тақиқланди. Бу эса педагогларнинг таълим сифати, ёшлар тарбиясига тобора кўпроқ эътибор, вақт ажратишида, ўз касбига садоқат, ҳафсала билан ёндашишида асосий омиллардан биридир.

Юртимизда бир қатор янги олий таълим даргоҳларининг ташкил этилгани барча жабҳалар каби педагогика соҳаси учун юксак касб малакасига эга кадрларни етиштириш, таълим соҳасида мутахассислар тақчиллигига барҳам беришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 5 сентябрдаги «Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ўқув-тарбия жараёнига бошқарувнинг янги механизмларини ва сифат стандартларини жорий этиш, жамиятда ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, умумтаълим муассасаларининг моддий-техник ҳолатини яхшилаш орқали халқ таълими тизимини янада ривожлантиришда янги имкониятларни очади. Ёш авлод таълим-тарбиясига оид эзгу ташаббусларнинг қамрови кенгайиб, мазмуни тобора бойиб бораётгани халқимиз, айниқса, ота-оналар, илмий-маърифий ва педагогик жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватланмоқда.

– Президентимиз мамлакатимизнинг қайси ҳудудида бўлмасин, албатта, ёшлар тарбияси, уларнинг билим олиши, мактабдаги таълим сифати, ўқитувчилар фаолияти, уларнинг меҳнатига муносабат билан батафсил ва жиддий танишади, – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, Шуманай туманидаги 33-ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаби директори Тамара Сейдаметова. – Бундай юксак эътибор, ғамхўрлик бизларни доим ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ёшлар тарбияси, сифатли таълим олиши учун масъулиятни чин юракдан ҳис этган ҳолда меҳнат қилишга ундайди. Бу унвон наинки менга, балки бутун педагогик жамоамиз, мактабимизга берилган баҳо деб биламан.

Нукус шаҳридаги Ибрайим Юсупов номидаги ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернати ўқитувчиси Гулистан Ходжалепесова, 2018 йилда Индонезиянинг Жакарта шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинлари чемпионатининг бокс бўйича олтин медаль соҳиби Иқболжон Холдоров, пойтахтимизнинг Сергели туманидаги 7-умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси Алевтина Люкшина, Сурхондарё вилояти Музработ туманидан меҳнат фахрийси Дўстқобил Қодиров мамлакатимизда ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, таълим-тарбия ишини сифат жиҳатдан янада юксалтириш, педагогик фаолиятни муттасил қўллаб-қувватлаш борасидаги кенг қамровли амалий эътибори учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тойир ўқитувчи ва мураббийларга бағишланган шеърини ўқиб берди.

Кечада ёшларга кўрсатилаётган чексиз эътиборни, устозлик касбини, жонажон Ўзбекистонимиз, тинч ва осойишта, бахтиёр кунларимиз, ўғил-қизлар истиқболини тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.

 

Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА