Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Қонунни ишлаб чиқишга аҳолига кўрсатилаётган нотариал хизматларнинг сифати ва тезкорлигининг талаб даражасида эмаслиги сабаб бўлди. Шунингдек, адвокатура ҳанузгача одамлар ишончини қозонган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлана олмаган. Адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига халал бераётган омиллар йўқ эмас.
Қонун билан 11 та қонун ҳужжатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш талабини бекор қилинади.
Нотариал ҳаракатлардаги имзолар сохта эканлиги ҳақида судларга кўплаб даъволар киритилаётганлигини инобатга олиб, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш ва нотариал ҳаракатлар бажарганлигини тасдиқлашда уларнинг бармоқ изларини сканер қилиш жорий этилмоқда.
Васиятномаларни ва айрим турдаги битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилади.
Нотариус лавозимига номзодларнинг стажировка ўташ муддатини икки йилдан бир йилга қисқартирилади. Шунингдек, нотариус лавозимига номзодлар учун судьялик лавозимида камида беш йил ишлаган ёхуд нотариал фаолиятга раҳбарлик ва назорат қилувчи лавозимларда камида уч йил ишлаган шахсларга мажбурий стажировка ўташ бўйича талаб бекор қилинмоқда.
Юридик шахс нотариусга ихтиёрий мурожаат этганда унинг коллегиал органининг қарори қабул қилинганлиги факти нотариал тасдиқланадиган бўлди. Нотариусларни аттестациядан ўтказиш ва алмаштириш (ротация қилиш) тартиби белгиланди.
Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати олти ойдан уч ойгача қисқартирилди. Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахслар мажбурий стажировка ўташдан озод қилинмоқда. Адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача қисқартирилмоқда.
Адвокатларнинг ҳакамлик судьяси сифатида иштирок этиши, шунингдек низоларни судгача ҳал қилиш ва тарафларни яраштиришга қаратилган ҳуқуқлари кенгайтирилди. Адвокатлар палатаси раисига Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш бўйича мажлисларида иштирок этиш ва уларга доир фикр билдириш ҳуқуқи берилди.
Адвокатлик бюросини таъсис этган адвокатларнинг ўз фаолиятини мулк ҳуқуқи асосида ёки бошқа қонуний асосда ўзига тегишли бўлган турар-жойларда ушбу турар-жойларни нотурар жой тоифасига ўтказмасдан амалга ошириш ҳуқуқи берилди.
Адвокат сўровини кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари белгиланди. Адвокат сўровини бажарилиш тартибини бузган мансабдор шахслар адвокатнинг тўғридан-тўғри судга мурожаати асосида маъмурий жавобгарликка тортиладиган бўлди.
Адвокатга нисбатан интизомий чоралар қўллаш муддатлари аниқ белгиланди. Адвокат лицензияси Олий малака комиссияси хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича фақат суд тартибида тугатилади. Адвокатларга нисбатан интизомий ишни фақат тегишли малака комиссияси ёки Олий малака комиссияси қарори билан қўзғатилади.
Бир сўз билан айтганда, қонун нотариатнинг фаол моделига ўтиш, унинг низоларнинг олдини олувчи институт сифатида янада ривожланишига, адвокатлар ҳуқуқларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишига тўсиқ бўлаётган бюрократик омилларни бартараф этишга, адвокатлар ҳуқуқларини кенгайтиришга
хизмат қилади. Соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш кенгайтирилиши юридик ёрдам ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш сифати ва тезкорлиги янада ошишини таъминлайди.
Севара Ўринбоева,
Адлия вазирлиги масъул ходими
ЎзА