МДҲнинг Душанбе саммити

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 27-28 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этди.

Саммитнинг асосий тадбирлари 28 сентябрь куни бўлди.

Душанбедаги «Кўҳи Сомон» саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон кутиб олди.

Дастлаб давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ушбу халқаро тузилма фаолиятини такомиллаштириш, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ўтган йил Ўзбекистоннинг МДҲ доирасидаги кўп қиррали ҳамкорлигида мутлақо янги босқич бўлганини таъкидлаш лозим. Бу мазкур ташкилотга аъзо мамлакатлар билан турли соҳалардаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётир.

Ҳамдўстлик мамлакатлари билан савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, туризм, илм-фан, таълим ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда.

Президентимиз дунё миқёсида жадал ўзгаришлар рўй бераётган, глобал хатар ва таҳдидлар кучайиб бораётган бугунги кунда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кўп қиррали ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон машинасозлик, энергетика, электротехникаси, тўқимачилик, фармацевтика саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кооперацияни янада кенгайтириш тарафдори.

Савдо-сотиқ МДҲ давлатлари ҳамкорлигида муҳим ўрин эгаллайди. Президентимиз ташаббуси билан 2017 йил 3 ноябрь куни Тошкентда илк бор ўтказилган МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши мажлиси ҳам аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ҳамдўстлик доирасида янги, аниқ лойиҳалар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этди. Мажлисда аъзо давлатлар ўртасида савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга доир 20 га яқин масала кўриб чиқилди.

Кейинги икки йилда мамлакатимиз билан МДҲ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми муттасил ўсмоқда.

Шавкат Мирзиёев бу ҳақда сўз юритар экан, божхона тартиб-таомилларини имкон қадар соддалаштириш, савдода мавжуд барча чекловларни, жумладан, техник тўсиқларни бартараф этиш зарурлигини, МДҲ эркин савдо зонасининг тўлақонли фаолият юритиши ва ўзаро бозорларни шакллантириш, шунингдек, қисқа фурсатда Ҳамдўстлик маконида хизматлар сотиш бўйича эркин зонани яратиш муҳимлигини таъкидлади.

– Халқаро ва минтақавий йўлаклардан самарали фойдаланишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш, бунда ўзаро тариф преференциялари беришнинг ягона механизмини жорий этиш, барча турдаги транспортларда юк ташишда талабларни бирхиллаштириш ва турли тўсиқларни бартараф этиш, логистика марказларини ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга, – деди давлатимиз раҳбари.

Машинасозлик, энергетика, электротехникаси, тўқимачилик, фармацевтика саноати ва қишлоқ хўжалигида ҳамкорликни, жумладан, ўзаро маҳсулот етказиб беришда «яшил йўлаклар»дан кенг фойдаланган ҳолда ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

Ҳудудлараро ва чегараолди ҳамкорликни кенгайтириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу МДҲ давлатлари ва халқлари ўртасида кўп қиррали ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Томонлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш, МДҲ маконида хавфсизликка таҳдидларнинг ўз вақтида олдини олиш мақсадида самарали ҳамкорликни таъминлаш масалаларини муҳокама қилди.

Президентимиз ёшлар ўртасида радикаллашув муаммосига тўхталиб, таълим, маърифат, ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳаётда ўз ўрнини топиши учун шароит яратиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

Мамлакатларимизни бирлаштириб турувчи муҳим куч бўлган маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш, маънавий қадриятларни асраб-авайлаш ва қўллаб-қувватлаш зарурлиги қайд этилди.

Тор доирадаги учрашувда 2019 йилда МДҲга раислик ҳамда Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисини ўтказиш жойи тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди. Қабул қилинган қарорга кўра, келгуси йилда Ҳамдўстликка раислик Туркманистонга ўтди. Ўзбекистон Республикаси ташкилотга ҳамраис этиб белгиланди.

Давлат раҳбарлари музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.

Унда турли соҳаларда кўп томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболларига доир кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди.

Коинотни тадқиқ этиш ва тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида МДҲ конвенцияси ҳамда 1941-1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллигига тайёргарлик кўриш ва уни нишонлаш бўйича асосий тадбирлар режаси маъқулланди.

МДҲга аъзо мамлакатлар Давлат раҳбарларининг 1948 йил 10 декабрдаги Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллиги муносабати билан баёноти, 2019-2023 йилларга мўлжалланган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирлар давлатлараро дастури, Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. Шунингдек, 2021 йилни МДҲда архитектура ва шаҳарсозлик йили деб эълон қилиш ҳақида қарор қилинди. Жами 16 ҳужжат имзоланди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи якунланди. Душанбе халқаро аэропортида давлатимиз раҳбарини Тожикистон Республикаси Бош вазири Қоҳир Расулзода кузатиб қўйди.

Алоуддин Ғаффоров,
 
ЎзА махсус мухбири
Тошкент – Душанбе – Тошкент.