Ҳиндистонда Ўзбекистон Президенти давлат ташрифига тайёргарлик кўрилмоқда

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Президенти Рам Натҳ Ковинднинг таклифига биноан 2018 йил 30 сентябрь – 1 октябрь кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлади.

Марказий ва Жанубий Осиёнинг етакчи икки мамлакати ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ушбу муҳим воқеа олдидан Деҳли шаҳрида ўзаро самарали ҳамкорликнинг бугунги аҳволи акс этган қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Бугунги кунда Ҳиндистон Ўзбекистонда бизнес юритишга катта қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва Ҳиндистон саноат конфедерацияси томонидан Деҳлида ташкил этилган Ўзбекистон – Ҳиндистон бизнес-форуми икки мамлакатнинг уч юздан ортиқ етакчи ишбилармонларини жамлади.

Тадбирда Ўзбекистон делегацияси таркибида вазирлик ва идоралар, вилоят ва шаҳарлар ҳокимликлари раҳбарлари, «Ўзавтосаноат», «Ўзбекэнерго», «Ўзбекнефтгаз», «Ўзбекистон металлургия комбинати», «Ўзқурилишматериаллари», «Ўзэлтехсаноат» каби йирик компаниялар раҳбарлари, хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирок этди. Ҳиндистон томонидан эса 150 дан ортиқ йирик саноат корхоналари, кичик ва ўрта бизнес вакиллари қатнашди.

Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг турли иқтисодиёт секторлари ўртасидаги алоқалар жадал ривожланмоқда. Бугунги кунда икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари кўплаб қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этмоқда. Шу маънода, иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорлик ўзаро манфаатли муносабатларда устувор йўналишлардан бири ҳисобланиши шубҳасиз.

Бугунги кунда Ўзбекистонда Ҳиндистон сармояси иштирокидаги 145 корхона фаолият юритмоқда.

2017 йилда ўзаро савдо ҳажми 320 миллион доллардан ошди. Ўзбекистон Ҳиндистонга металл, минерал ўғитлар, бальзамлар, ипак, дуккакли маҳсулотлар ва бошқа товарларни экспорт қилади. Ҳиндистондан мамлакатимизга асосан фармацевтика ва тиббиёт маҳсулотлари, шунингдек, қора металл, технологик ускуна, автомобиллар учун эҳтиёт қисмлари импорт қилинади.

Фармацевтика саноати ва соғлиқни сақлаш, туризм, хусусан тиббиёт туризми, ахборот-коммуникация технологиялари, қишлоқ хўжалиги, минерал ресурслар, жумладан, рангли ва ноёб металларни ўзлаштириш ва қазиб олиш, инфратузилма ва замонавий арзон уй-жойлар қурилиши соҳасидаги лойиҳалар икки томонлама ҳамкорлик учун истиқболли соҳалар саналади.

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг Тошкентдан Деҳли ва Амритсарга тўғридан-тўғри мунтазам қатновларни йўлга қўйиши икки мамлакат фуқаролари учун ҳам айни муддао бўлди. Масалан, 2017 йилда Ўзбекистонга Ҳиндистондан 10 мингдан зиёд сайёҳ ташриф буюрди. Туризм соҳасидаги фаолиятни янада фаоллаштириш мақсадида Тошкентдан Мумбай ва Ченнаи шаҳарларига тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи доирасида ташкил этилган тадбирлар якуни бўйича умумий қиймати 95 миллиондан ортиқ бўлган 30 та экспорт шартномалари, шунингдек, 3 миллард долларлик 50 та сармоявий лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди.

Бизнес-форум давомида Ҳиндистон саноат конфедерацияси ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида Ўзбекистон – Ҳиндистон ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш бўйича Битим имзоланди. Деҳли шаҳрида Ўзбекистон миллий кўргазмаси очилди. Унда машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот, қандолатчилик, озиқ-овқат ва юртимизнинг бошқа етакчи тармоқлари маҳсулотлари стендлари ўрин олган.

Мамлакатимизнинг дипломатик ваколатхонасида ташкил этилган матбуот-брифингида Ҳиндистоннинг етакчи нашрлари, телеканаллари, ахборот агентликлари ва онлайн нашрларининг 50 га яқин вакили иштирок этди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси И.Неъматов ва мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ф.Арзиев Ҳиндистон матбуоти ходимларига давлатимиз раҳбарининг бўлажак давлат ташрифи аҳамияти, минтақавий ва халқаро масалаларда икки томонлама муносабатларнинг суръати, иқтисодий ва савдо алоқаларнинг ҳолати тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, маданият, кинематография, инвестиция ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга давлат ташрифи ҳар жиҳатдан самарали ва натижадор бўлиши ҳамда халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик анъанавий дўстлик муносабатларида янги саҳифани очиши алоҳида таъкидланди.

Жануби-Шарқий Осиёнинг халқаро мухбирлари клубида ташкил этилган матбуот-брифинги ҳам Президентимизнинг Ҳиндистонга бўлажак давлат ташрифига бағишланди. Унда Деҳлида аккредитациядан ўтган хорижий мухбирларининг Ўзбекистон – Ҳиндистон савдо ва иқтисодий муносабатлари, мамлакатимизнинг инвестициявий ва туризм салоҳияти, икки давлатнинг минтақавий ва халқаро масалалардаги ҳамкорлиги тўғрисидаги саволларига жавоб берилди. Тадбир халқаро мухбирлар клубининг фейсбук саҳифасида реал вақт режимида ёритилди.

Ушбу тадбирлар тафсилоти газета ва журналлар, интернет-нашрлар, ижтимоий тармоқлар ва телевидение каналларида эълон қилинган 200 га яқин материалларда ёритилди. Яқинда Деҳлида ОАВнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ва сармоявий салоҳияти, туристик жозибадорлиги, кўп қиррали икки томонлама муносабатлар ва бизнес алмашинувга бағишланган махсус сонлари чоп этилди. Хусусан, ҳар ой чоп этиладиган «Business Central Asia» журналининг сентябрь ойидаги сони тўлиқ Ўзбекистонга бағишланди. Бу нашр (адади 40 минг нусхадан ортиқ) Ҳиндистоннинг расмий ва ишбилармон доиралари, дипломатик ва халқаро ваколатхоналари орасида кўп ўқилади. Журнал муаллифлари ва ҳиндистонлик экспертлар томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, сиёсий ўзгаришлар таҳлил қилиниб, давлатимиз раҳбари томонидан олиб борилаётган ташқи сиёсат, ўзаро манфаатли икки томонлама муносабатлар, туризм ва авиақатновлар, инвестициявий жозибадорлик соҳасидаги янгиликлар шарҳига алоҳида эътибор қаратилган. Айрим мақолалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги маърузасида ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида илгари сурилган халқаро ва ички сиёсатга доир ташаббусларига бағишланган.

«Ўзбекистонда нима ўзгарди?» сарлавҳали мақолада минтақавий сиёсат, қўшни мамлакатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантиришга, мамлакатимиздаги иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берилган. “Ўтган бир ярим йил ичида Ўзбекистон Президенти 25 олий даражадаги ташрифни амалга оширди, 60 дан зиёд давлат ва ҳукумат раҳбарлари билан учрашди, улар доирасида савдо ва инвестиция соҳаларида 400 дан ортиқ шартнома имзоланди”, дейилади мақолада. “Ўзбекистон раҳбарияти ўзининг инновацион ёндашуви ҳамда ички ва ташқи сиёсати самарали эканини амалда исботлади, бу нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишидан манфаатдор хорижий ҳамкорлари учун ҳам муҳимдир”.

Журнал саҳифаларида, Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари, терроризм ва экстремизмнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлари, энергетика соҳасидаги оқилона қарорлари ҳақидаги мақолалар ҳам чоп этилган. Хусусан, «Экстремизмнинг олдини олишнинг ўзбек модели» номли мақолада ҳиндистонлик машҳур эксперт Мина Синх Рой Ўзбекистонда амалга оширилаётган ёшлар сиёсатининг ўзига хос жиҳатларини очиб берар экан, мамлакат учун таълим, диний ва дунёвий билимларни эгаллаш жамиятни ривожлантириш ва замонавий хавф-хатарларнинг олдини олишнинг асоси ҳисобланишини қайд этган.

Бундан ташқари журналда зиёрат туризми, Ўзбекистонда сайёҳларнинг хавфсизлик даражаси, электрон ва транзит виза соҳасидаги янгиликлар, шунингдек, мамлакатимизда жорий йилнинг кузида ўтказилиши режалаштирилаётган маданий ва бизнес тадбирлар ҳақида маълумот берилган.

«Business Magazine» журнали бош саҳифасида «Ўзбекистон –Ҳиндистон: савдо ва инвестициялар учун янги имкониятлар» сарлавҳаси остида Ўзбекистон ва Ҳиндистон раҳбарлари суратини чоп этган. Ушбу нашр Ҳиндистон Тижорат ва саноат палатаси томонидан Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланган бўлиб, икки томонлама иқтисодий муносабатлар, Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўзгаришлар динамикаси, сармоявий имкониятлар, эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш, фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик, шунингдек, Ўзбекистоннинг сайёҳлик жозибадорлигига бағишланган. “Ҳиндистон билан бизнес ҳамкорлик қилиш учун Ўзбекистон барча имкониятларга эга: Марказий Осиёдаги энг йирик бозор, сиёсий ва макроиқтисодий барқарорлик, табиий ресурсларнинг бой захираси, инсон капитали ва энергия ресурслари”, дейилади журнал мақолаларининг бирида. Нашр Ҳиндистон хусусий сектори эътиборини Ўзбекистон билан инвестициявий ҳамкорликка жалб қилишга қаратилган.

Ҳиндистоннинг Микро, кичик ва ўрта бизнеси форуми томонидан «Ҳиндистон – Ўзбекистон бизнес ҳамкорлиги» мавзусида махсус нашр чоп этилди. Унда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги чуқур алоқалар батафсил таҳлил қилинган. Икки томонлама савдо айланмасига доир рақам ва фактлар келтирилган, Ҳиндистон йирик бизнес тузилмасининг Ўзбекистондаги қўшма лойиҳалари, фармацевтика соҳасида инвестиция киритиш имкониятлари, эркин иқтисодий зоналар, сармоядорлар учун тақдим этилаётган имтиёз ва афзалликлар, транспорт коммуникациялари, логистика, виза ва бошқа тартиб-таомилларга доир маълумотлар тақдим этилган.

«Visit Uzbekistan» журнали тўлиқ мамлакатимиз сайёҳлик салоҳияти ва халқларимиз ўртасидаги маданий алоқаларга бағишланди. Ўзбекистоннинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан тайёрланган нашрда туризмнинг қизиқарли йўналишлари ва ҳинд жамоатчилиги учун сармояларга бағишланган мақолалар, фоторепортажлар ва ёрқин материаллар жамланган. Хусусан, Шаҳрисабзда ўтган халқаро мақом фестивали, Бухорода ўтказиладиган анъанавий «Ипак ва зираворлар» фестивали, Ўзбекистон шаҳарларида «Хойчой» ҳинд фильмининг суратга олиш жараёни ҳақидаги материаллар, шунингдек, ҳинд муаллифларининг Самарқанд, Марғилон, Қўқон, Андижонга ташрифи, ўзбек ипаги, сопол буюмлари, анъаналари ва меҳмондўстлиги ҳақидаги мақолалар ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.

Мамлакатимизнинг Деҳлидаги элчихонаси томонидан «Business opportunities of Uzbekistan» («Ўзбекистонда бизнес юритиш имкониятлари») махсус нашри тарқатилди.

Нашрнинг ўн икки бўлимида «Нима учун Ўзбекистонга инвестиция киритиш керак?», «Микроиқтисодий кўрсаткичлар ва ташқи савдо», «Инфратузилма», «Агро-саноат мажмуаси», «Бозор», «Экспорт имкониятлари», «Бизнесни юритиш бўйича Жаҳон банки рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни», «Хорижий инвестицияларнинг кафолати ва ҳимояси», «Солиқ сиёсати», «Хорижий инвесторлар учун имтиёзлар ва преференциялар» каби мавзулар ёритилган. Алоҳида бобда «Ангрен», «Ғиждувон», «Ҳазорасп», «Жиззах», «Қўқон», «Навоий», «Наманган», «Ургут» ҳамда фармацевтика эркин иқтисодий зоналари ва улардаги истиқболли йўналишлар тўғрисида ҳикоя қилинади.

Журнал Ўзбекистонда бизнесни юритиш имкониятларини батафсил таҳлил қилиш ва баҳолаш учун кўплаб инфографика, жадваллар, рейтинг ва йиғма маълумотларни ўз ичига олган. Нашр бизнес форумлар, музокаралар, В2В тадбирлари ва тақдимотларда хорижий инвесторлар учун манзилли тарқатишга мўлжалланган.

Ҳиндистоннинг етакчи илмий-тадқиқот институтларида – Мудофаа тадқиқот ва таҳлил институти ҳамда Вивекананда халқаро жамғармасида мамлакатларимизнинг таниқли олимлари, таҳлилчи ва экспертлари Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини таҳлил қилишга бағишланган давра суҳбатларини ўтказди.

Илмий асосда фикр алмашиш чоғида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, мамлакатимизда хорижий инвестициялар учун мавжуд улкан салоҳият, шунингдек, халқаро аҳамиятдаги масалалар, жумладан, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш диққат марказида бўлди.

Экспертлар иқтисодиётнинг реал секторида, таълим, фармацевтика, туризм ва савдо соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш зарурлигини қайд этди. Ҳиндистон улкан муваффақиятларга эришаётган ахборот технологиялари ва инновациялар соҳасида катта истиқболлар мавжудлиги таъкидланди.

Ҳиндистоннинг етакчи тадқиқот марказларидаги мунозаралар икки мамлакат эксперт ҳамжамиятлари вакилларига Ўзбекистон – Ҳиндистон ҳамкорлигининг янги даврида турган вазифалар хусусида тасаввур ҳосил қилиш имконини берди.

Таъкидлаш жоизки, айни кунларда Ҳиндистонда маданий-гуманитар ва академик соҳаларда туркум тадбирлар, сармоявий тақдимот ва бизнес-форумлар давом этмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси, мамлакатимизнинг Ҳиндистондаги элчихонаси ва Ҳиндистон миллий музейи ҳамкорлигида ҳамда “Eriell” компанияси ҳомийлик кўмагида Деҳлида «Ҳиндистон – Ўзбекистон: маданиятлар мулоқоти» қўшма кўргазмаси очилди. Шунингдек, Деҳли, Ноида ва бошқа шаҳарларда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари бўлиб ўтди.

 

ЎзА