Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари: қадим тарих ва истиқболли ҳамкорлик

Дўстлик, ишончли ҳамкорлик, минг йиллик тарихий-маданий, маънавий ришталар. Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари ҳақида сўз борганда ана шундай таъриф берилади.
Мамлакатларимиз ўртасида асрлар оша давом этиб келаётган ҳамкорлик бугун ҳам кўплаб соҳаларда изчил ривожланмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик институтида бўлиб ўтган «Ўзбекистон-Ҳиндистон муносабатлари: қадим тарихдан бугунги кунга қадар» мавзуидаги халқаро семинарда бу жиҳат яна бир бор қайд этилди.
Тадбир Ўзбекистон Фанлар академияси, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда давлат идоралари, дипломатик корпус, илмий доиралар, дўстлик жамиятлари вакиллари, ҳиндшунос олимлар ва тадқиқотчилар иштирок этди.
Анжуманда Ўзбекистон ва Ҳиндистонни тарихий, маданий алоқалар боғлаб туриши, урф-одат, анъаналарда муштарак жиҳатларнинг мавжудлиги икки томонлама маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантириш имконини бераётгани таъкидланди. Бу, ўз навбатида, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни конструктив руҳда ва изчил ривожлантиришга хизмат қилаётир.
Ҳиндистон мамлакатимиз мустақиллигини биринчилардан бўлиб тан олган ва Ўзбекистоннинг ички, шу билан бирга ташқи сиёсатдаги устувор позициясини фаол қўллаб-қувватлади. Тошкентда 1992 йилда дипломатик муносабатларни ўрнатиш ҳақидаги протокол имзоланиши фикримизга мисол бўла олади. Шу зайл икки мамлакат алоқаларида янги саҳифа очилди.
Ўтган давр мобайнида икки томонлама юқори даражадаги ташрифлар, парламентлараро ҳамкорлик, дўстлик жамиятларининг маданий-гуманитар соҳадаги мулоқотлари фаол руҳда олиб борилди. Меъморлик анъаналарини асраб-авайлаш, адабий мерос ва халқ оғзаки ижодида уйғун жиҳатларни кенг тарғиб қилиш ишлари халқларимиз яқинлигини таъминлашнинг муҳим омилига айланди.
Бугун ҳам мамлакатларимиз ўртасида фармацевтика, тиббиёт, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги, туризм, таълим ва маданият, кадрлар алмашинуви каби соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиб, бу борадаги ижобий тажрибани ўрганишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Ташқи сиёсатнинг долзарб масалалари ҳақида сўз борганда Ўзбекистон-Ҳиндистон қарашларининг яқин эканини таъкидлаш ўринли. Ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари мунтазам ташкил этиб келинаётгани минтақавий ва глобал масалалар бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, хавфсизликни таъминлаш ва тинчликка эришиш йўлидаги якдил қарашларни шакллантириш имконини бермоқда.
– Халқларимизнинг дўстлик алоқалари тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади, – деди Ҳиндистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси маслаҳатчиси Шипра Гош. – Буюк ипак йўлининг Ўзбекистон ва Ҳиндистон бўйлаб ўтиши натижасида нафақат савдо-иқтисодий, балки маданиятлар ўртасида ҳам алмашинувлар юз берди. Мустақиллик йилларида ўзаро муносабатларимиз янги мазмун билан бойиди. Халқларимиз бобурийлар яратиб кетган тарих ҳақида, бугунги самарали ҳамкорлик ҳақида бирдек фахрланиб гапиради. Мазкур тадбир Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ҳиндистонга давлат ташрифи арафасида ўтаётганинг ҳам рамзий маъноси бор. Зеро, интиқлик билан кутилаётган ушбу ташриф халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишдек умумий ва муштарак мақсадларга хизмат қилади.
Халқаро семинарда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида маданий алмашувларни йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этаётган «Ўзбекистон-Ҳиндистон» дўстлик жамияти, Лал Баҳодур Шастри номидаги ҳинд маданияти маркази фаолияти, Ўзбекистонда таълим, иқтисодиёт, саноат соҳасини ислоҳ қилишда миллий ва Ҳиндистон тажрибаси каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Юртимизда соғлиқни сақлаш тизимида юқори ва сифатли тиббий хизматни ташкил қилишда Ҳиндистон билан ҳамкорлик, ўзбек ва ҳинд тилларини ўқитишдаги ижобий тенденциялар, бадиий таржима ва маърифий муносабатлар ҳақидаги маърузалар тингланди.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА