​Қримдаги "Ўзбекистон" сиҳатгоҳи тарихи

Қримда бир бор бўлган киши сайёрамизнинг бу мўъжаз ва бетакрор гўшасини ҳеч қачон унутолмайди. Тўғри, бугун ушбу ярим орол турли сиёсий можаролар гирдобида қолган, лекин ҳикоямиз бу ҳақда эмас. 
 
2.JPG
Бундан бир неча йил аввал Қримда ўтган бахтли кунларим ёдимга тушди. Чунки, у ердаги кўп нарса Ўзбекистонни эслатади: қийғос майсалар ифорига тўйинган тоза ҳаво мисоли ўзимизнинг Оқтош ҳавосига ўхшайди. Чинорлари ҳам юртимиздаги каби қалин.
3.JPG
Бунинг устига кеч киргач, ёпиладиган намозшомгул ва серифор райҳонлар ҳам мўл. Бу ерда юртимиз билан боғлиқ масканлар жуда кўп.
4.jpg
Уларнинг энг асосийси, Ялтада жойлашган «Ўзбекистон» сиҳатгоҳидаги Бухоро амири Саид Абдул Аҳадхоннинг саройи бўлса керак. У бир сафар Қримга бориб, бу юртни ёқтириб қолади ва шу ерда ўзи учун сарой қурдиришга қарор қилади. Ялтадаги боғ ва муҳташам бино барпо этилган ерни сотиб олишга муваффақ бўлади.
5.png
Ялта шаҳри меъмори Тарасов лойиҳаси бўйича барпо этилган гумбазли, минорали ва шийпонли мўъжаз, бироқ нафис сарой шаҳардаги энг гўзал масканлардан бирига айланади. Амирнинг ўзи эса унга «Дилкушо», яъни «мафтункор» деб ном беради.
Саид Абдул Аҳадхон 1885 йил 26 ёшида тахтга ўтиради. У қийноққа солиш ва қулликни бекор қилган, кўплаб шафқатсиз жазо усулларини юмшатган ва ўлимга маҳкум қилинганлар сонини қисқартирган ҳукмдордир.
Айнан унинг ҳукмдорлиги даврида Бухоро янада обод шаҳарга айланди: рус саноатчилари бу ердаги мис, темир, олтин билан қизиқа бошлади. Амир банкларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди, темир йўл ва телеграф қурдиради.
У мамлакатдаги энг яхши чавандоз ҳам ҳисобланган, улоқ-кўпкари баҳсларида қатнашган. Ўзидан олдин ўтган кўплаб амирлардан фарқли ўлароқ, тез-тез Москва, Петербург, Тифлис, Киев, Одесса каби шаҳарларга ташриф буюриб турган.
Кейинчалик Қримга боради ва 1893 йилдан бошлаб ҳар ёзни Ялтада ўтказади.
Ялтада амир кўп йиллар мобайнида қилган саховат борасидаги ишлари туфайли ўзига хос сахийлик рамзига айланган. Шаҳар олдидаги хизматлари учун фахрий фуқаро унвонига сазовор бўлган ва ҳатто шаҳар кўчаларидан бирига унинг номи берилган.
1910 йилда у ўз маблағи ҳисобидан Ялта шаҳрида беморлар учун бепул шифохона қурдиради. Икки қаватли бино лаборатория, ходимлар хонаси, жарроҳлик ва гинекология бўлимлари, 100 кишилик қабулхонадан иборат бўлган.
Нафақат Қрим, балки Россиянинг бошқа шаҳарлари ҳам Бухоро амиридан миннатдор. Масалан, Петербургда у Жомъе масжиди барпо қилдирган.
Совет ҳокимияти ўрнатилганидан сўнг, бино миллийлаштирилган.
Қрим Марказий Ижро қўмитаси Президиумининг 1923 йил 23 майдаги қарорига кўра, сарой доимий фойдаланиш учун Ўзбекистонлик меҳнаткашларга берилади ва «Ўзбекистон» сиҳатгоҳи фаолияти йўлга қўйилади. Ўтган йиллар мобайнида бу ерда юз минглаб юртдошларимиз хордиқ чиқариб, ўз саломатлигини мустаҳкамлади.
Бухоронинг энг тараққийпарвар амири Саид Абдул Аҳадхоннинг Қримга муҳаббати тарихи ана шундай эди.
Рустам Шагаев, муаллиф олган суратлар.​

 

ЎзА