​Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси қизғин муҳокамада

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасининг тасдиқланиши ва мазмун-моҳиятини туман фаолларига етказиш мақсадида Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида жойлашган Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари академик лицейида тадбир ташкил қилинди.
Унда иштирок этган туман сайлов участкалари раислари ва фаоллар ўтказилган сайловлар даврида юзага келган муаммолар ва кейинги сайлов жараёнларида бундай хато-камчиликларга йўл қўймаслик чоралари хусусида сўз юритишди. Хусусан, Сайлов кодекси лойиҳаси билан ҳам яқиндан танишдилар.
Мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармон иловасининг 7-бандида миллий сайлов тизимини ислоҳ қилиш юзасидан муҳим вазифалар белгилаб берилган.
Ушбу фармон иловасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасини ишлаб чиқишда етук ҳуқуқшунос олимлар ва мутахассислар жалб этилиши назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳаси шаклланган тажрибага мувофиқ 2 қисм, 100 моддадан иборат.
Умумий қисм сайлов тизимининг асослари ва принциплари, субъектлари ҳамда сайлов ҳуқуқи кафолатларига бағишланган. Махсус қисм Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатларини сайлаш тартибини шакллантириш хусусиятларига қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси лойиҳасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказишда асосий субъект – сайлов комиссиялари ҳисобланади. Шу сабаб, комиссияларга қонуний, адолатли демократик сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш, сайловчиларнинг хоҳиш иродасини эркин билдиришларига етарли имкониятлар яратиш вазифалари киритилмоқда.
Сайлов кодекси лойиҳасида сайлов комиссияларининг самарали фаолият олиб боришлари учун зарур ташкилий-ҳуқуқий асослар мустаҳкамланади.
Бундан ташқари, Сайлов кодекси лойиҳасида участка сайлов комиссиялари фаолиятини очиқлиги, овоз бериш жараёнини ташкил этишда ва ўтказишда янги қоидалар киритилмоқда.
Аввал сайлов участкаларни жиҳозлаш, овоз бериш жараёни ва участка сайлов комиссияларини амалга оширишлари лозим бўлган вазифалар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг йўриқномасига асосан амалга оширилган бўлса, эндиликда қонун нормаларига асосан амалга оширишлари белгилаб берилади.
Ўтказилаётган тадбирдан кўзланган асосий мақсад ушбу қабул қилинаётган Сайлов кодекси лойиҳасини тасдиқлашда, уларнинг таклиф ва фикрлари алоҳида эътиборга олиниши ва бевосита олдинги сайловларда йўл қўйилган муаммо ва камчиликларимизни тўлиқ бартараф этишга хизмат қилади.

 

Муҳайё Тошқораева, ЎзА