Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги Ёш журналистлар кенгаши ҳамда “Ёшлар овози” ва “Молодежь Узбекистана” газеталари таҳририяти томонидан матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда ўзбек журналистикаси фаолияти, унда ёш журналистларнинг ўрни ва таъсири, соҳадаги эришилаётган ютуқ ва камчиликларни бартараф этиш, малакали журналистлар томонидан билдирилаётган таклифлар асосида келгусидаги мақсадли ишларни белгилаб олиш масалалари муҳокама марказида бўлди.
Мамлакатимиз тараққиётини янада юксак босқичга кўтариш мақсадида қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси асосида оммавий ахборот воситаларини либераллаштириш, пухта билим ва юқори малакага эга ёш журналистларни тайёрлашга доир кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Анжуманда журналист кадрлар тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар, ёшлар иқтидорини рағбатлантиришнинг замонавий механизмларини ишлаб чиқиш, илғор фикрли, фаол фуқаролик позицияга эга, замонавий билим ва хорижий тилларни пухта эгаллаган ёш журналист кадрлар базасини шакллантириш юзасидан маърузалар тингланди.
Ёш журналист кадрларнинг ахборот-коммуникация технологияларидан мақсадли фойдаланиши, ўз иқтидорларини намойиш этиши учун имконият яратиш мақсадида ташкил этилган Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси қошидаги ёш журналистлар кенгаши мазкур йўналишларда самарали фаолият олиб бормоқда.
Ўтган давр мобайнида кенгаш томонидан давра суҳбатлари, баҳс ва мунозараларга бой ижодий кечалар, семинарлар ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Миллий Университети Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова таълим ичида амалиётни мукаммал жорий этиш, талабалар орасидан мақсадли кадрларни тайёрлаш тизимларини кенг йўлга қўйиш хусусида тўхталиб ўтди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА