Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси ва “Ижод” жамоат фонди томонидан “Адиб ва жамият” рукни остида нашр этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид мамлакатимизда барча соҳалар қатори адабиёт ривожига қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар, айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 августдаги ижодкор зиёлилар билан ўтказган тарихий учрашувидан кейин адабиётимизда рўй берган жонланиш, ижодкорларни Ватан ва халқ олдидаги масъулиятини ҳис этишга ундаётгани, янги асарлар яратилишига илҳомлантираётганлиги хусусида айтиб ўтди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти хусусида сўз борди.
Қарорда уюшма аъзоларининг ижтимоий-маънавий фаоллиги ва масъулиятини ошириш, уларни халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданияти, эл-юртимизнинг фидокорона меҳнати билан эришилаётган туб ўзгаришларни теран акс эттиришга қаратилган юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантириш, уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, улар учун ҳар томонлама шароит яратиб бериш, машаққатли ижодий меҳнатини адолатли баҳолаш каби вазифалар белгилаб берилганлиги таъкидланди.
Бугунги кунга келиб, ушбу эътибор натижасида мамлакатимиздаги улкан ўзгаришлар ва бунёдкорликлар ҳақида, ўз меҳнати, шижоати билан мустақил давлатимиз ривожига ҳисса қўшаётган давримиз қаҳрамонлари ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар дунёга келди.
Жумладан, Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон “Фарғоналиклар” эссе-сафарномасини, Энахон Сиддиқованинг “Барханларда унган гул” лиро-эпик қиссасини, Маҳмуд Тоир “Янгиланаётган Ўзбекистон” достонини, Иқбол Мирзо эса матонатли спортчиларимиз ҳақида “Зарб” қиссасини яратди.
Булардан ташқари Эшқобил Шукурнинг “Бобо сўз изидан” тадқиқот асари, ёш шоир ва публицист Шодмонқул Саломнинг “Кўнгил обидасига йўл” номли мақола ва бадиалар тўплами, шунингдек “Мен Ўзбекистон фуқаросиман” ва “Халқ қалбига йўл” публицистик мақолалар тўпламлари дунёга келди ва бу асарлар “Адиб ва жамият” рукнида нашр этилди. Бундай ижодий фаоллик бугун ҳам давом этмоқда. Айни шу кунларда Баҳодир Қобулнинг “Энайўл” номли қисса ва ҳикоялар тўплами нашрдан чиқиш арафасида.
Тадбирда атоқли ижодкорлар сўзга чиқишиб, нашр этилган асарлар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.