Кластер – қишлоқ хўжалигида тадбиркорлик

Жорий йилдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа туманида ҳам пахтани кластер усулида етиштириш йўлга қўйилди.

Бунинг учун туманда “Boston Klaster” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди. Лойиҳага кўра, 11 минг 40 гектар майдонга чигит экилди. Ҳар гектардан ўртача 22 центнердан, жами 24 минг 264 тонна ҳосил олиш режалаштирилмоқда.

Кластер лойиҳаси бўйича пахта толасини қайта ишлаш қуввати йилига 10 минг тонна бўлиб, хом ашёдан калава ип, жинси матоси, юмшоқ чойшаб каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида “Boston Klaster” МЧЖда 600 янги иш ўрни яратилди.

6.jpg

7.jpg
– Бугунги кунда “Boston Klaster” МЧЖ билан пахтачиликка ихтисослаштирилган 381 фермер хўжалиги ўртасида шартномалар тузилди, – дейди Элликқалъа тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Б.Исмоилов. – Юртимизда биринчилардан бўлиб жорий этилаётган бу усул фермерларимизда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда.

“Boston Klaster” МЧЖ фермер хўжаликларига ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланишга, ҳосилдорликни оширишга, етиштирилган пахтани ўз вақтида йиғиб олишга ёрдамлашмоқда.

– Янги усулнинг жорий этилиши фермер хўжаликларида пахта ҳосилдорлиги ортиши билан бирга, уларнинг ўз меҳнати самарасига қизиқишини ҳам оширишга хизмат қилади, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги бош мутахассиси Ў.Қалхонов. – Фермер хўжаликлари энди аввалгидек фақат етиштирган пахта хом ашёсидан эмас, балки тайёр маҳсулотдан келадиган даромаддан ҳам тегишли улуш олади. Бу уларнинг иқтисодий аҳволи яхшиланишига ижобий таъсир кўрсатади.

Таъкидланганидек, “Boston Klaster” МЧЖ пахтани қайта ишлаб, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаради. Жамиятнинг мавсумда фермер хўжаликларига лизинг асосида техника олишга кўмаклашгани, минерал ўғитлар, уруғ-чигит материаллари, пахтани кимёвий ва биологик усулларда ҳимоя қилиш ва бошқа ресурсларни етказиб бергани ҳосилдорлик юқори бўлишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

paxta.jpg
11.JPG
12.JPG

 

Есимхон Қаноатов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА