​Бир ҳафтада 869 та автомобиль рақами сотувидан 3,9 миллиард сўм тушди

Ўтган ҳафта мобайнида онлайн аукцион орқали 869 та автомобиль рақами сотилди. Сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 3,9 миллиард сўмдан ошди. 
Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг қарийб 26 фоизи биринчи тоифадаги авторақамларга, 47 фоизи иккинчи ва 27 фоизи учинчи тоифа авторақамларга тегишли.
Харидорлар таркибида етакчиликни Тошкент ва Тошкент вилояти авто ҳаваскорлари эгаллади ва уларнинг тузилган битимлар сонидаги улуши 26 фоизга тенг. Кейинги ўринда Самарқанд вилоятининг авто ҳаваскорлари 12 фоиз улуш билан жойлашди. Учинчи ўрин Фарғона авто ҳаваскорларига тегишли бўлиб, улуши 10 фоизни ташкил қилади. Бошқа ҳудудларнинг улуши 52 фоизга тенг.
Бу ҳақда Ўзбекистон Республика товар хомашё биржаси матбуот хизмати маълум қилди.

 

ЎзА