​Солиқ тизимидаги ўзгаришлар – иқтисодий имкониятлар яратилишида муҳим қадам

Президентимизнинг 2018 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони ва шу йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида юртимиз солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Мазкур ҳужжатларга мувофиқ, энди солиқ юкини камайтириш, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизимини бирхиллаштириш тизими жорий этилмоқда. Шунингдек, солиқ ҳисоботларини қисқартириш ва соддалаштириш, қонунчилик, норматив ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятларни бартараф этиш орқали инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Мамлакатимиз солиқ тизимида бу каби ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси бўйича нима ишлар қилинмоқда? Аҳоли, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик вакиллари учун бу ўзгаришлар қандай енгилликлар беради?
Бу жараёнда давлатимиз раҳбарининг солиқ хизматининг эндиликда инсофли солиқ тўловчиларнинг ишончли ҳамкори бўлиши шарт эканини белгилаб бергани диққатга сазовордир. Солиқ соҳаси ижтимоий жамият ҳаётида асосий ўринни эгаллайди. Шу боис, тизимда юритилаётган сиёсат ҳар жиҳатдан пишиқ ва пухта бўлиши керак. Айтиш жоизки, ўтган даврда тизимда айрим талаб ва ортиқча қоғозбозликлар мавжуд бўлиб, бу борадаги ишлар кўламини ошириш сифатига салбий таъсир қилаётган эди.
Президентнинг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармони айнан шу каби муаммолар ечимига кенг йўл очди. Унга кўра, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилиши таъминланади. Бунда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларининг миқдорини белгилаш, хорижий инвесторлар ва инвестициялар учун қулай режимни сақлаб қолиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ишончли ҳуқуқий ҳимоялаш муҳимдир. Шу билан бирга, бугунги кун учун муҳим бўлган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш инобатга олинган.
Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепция доирасида 2019 йил 1 январдан бошлаб барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг амалдаги 4 поғонали ставкаси ягона 12 фоизли ставкада белгиланди ҳамда ойлик иш ҳақидан пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган 8 фоизлик суғурта бадали бекор қилинди. Бунда юридик шахслар, яъни тадбиркорлар учун ҳам жуда катта қулайликлар яратилди. Масалан, бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналари учун ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиз миқдорида, бошқа барча юридик шахслар учун эса 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтириш белгиланган. Юридик шахслар томонидан тўланадиган давлат мақсадли жамғармаларига 3,2 фоизли мажбурий ажратмалар эса бекор қилинди. Улар учун яна дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлар бўйича фойда солиғи ставкасини 10 фоиздан 5 фоизгача, мол-мулкка солинадиган солиқ ставкасини 5 фоиздан 2 фоизга пасайтириш белгиланди.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш тизими такомиллаштирилиб, уларнинг эркин фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу йўлда соҳа субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинаётганини катта қувонч билан таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Давлат раҳбарининг 2018 йил 27 июлдаги “Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишларни қайта кўриб чиқиш имкониятини туғдирди.
Бундай талаблардан келиб чиқиб, тизимда муқобил ва режадан ташқари текширувларнинг барча турлари бекор қилинди, тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги бир қатор лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш тартиб-таомиллари қисқартирилди ҳамда соддалаштирилди. Бу ўзгаришлар эса мамлакатда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро миқёсдаги рейтингига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти соҳасида бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолмоқда, уларнинг ҳал этилиши бизнесни ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, мамлакатга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кафолатли ҳимоясини таъминлаш имконини беради.
Айтиш жоизки, ушбу фармоннинг қабул қилиниши тадбиркорлар фаолияти учун жуда муҳим қадам бўлди. Фармонда тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Унга кўра, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувлар ҳамда назорат тартибидаги текширувлар бекор қилинди. Тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган текширувлар Бош прокуратура томонидан мувофиқлаштирилади. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатга олинади, бу тизимда рўйхатга олинмаган текширувлар эса ноқонунийдир.
2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва 2018 йил 1 апрелдан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахслар 2019 йил 1 январга қадар муддатда тадбиркорлик фаолиятини тиклаган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган ҳолларда қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек, молиявий жарималар ва суд харажатлари (суд чиқимлари бундан мустасно) ҳамда бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммасини ҳисобдан чиқарилиши қайд этилган.
Якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмай тадбиркорлик қилган шахсларга бир йиллик миқдордаги қатъий белгиланган солиқни бир йўла ундириш тартиби ҳам бекор қилинди.
Ушбу фармон ижроси бўйича 151,8 минг нафар якка тартибдаги тадбиркор ва фуқаронинг қарийб 705,9 миллиард сўм солиқ қарзи кечилиши кутилмоқда. Бу эса ўз навбатида уларнинг тадбиркорлик фаолиятини қайта тиклаши, янги иш ўринлари яратиши ҳамда бюджет тушумларига ҳиссасини қўшиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан биринчи бор берилаётган имкониятдир.
Шу масаладаги яна бир муаммомиз ўз ечимини топди. Кўпчилик фуқароларимизга маълум, 2013 йил 31 майдаги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги билан ишлаб чиқилган Тартиб бор эди. Бу ҳам бекор қилинди.
Бунда фуқаролар давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти учун уларга бир йиллик қатъий белгиланган солиқ ҳисобланиб тўловлар амалга оширилмасдан қолинган эди. 10 минг 231 нафар фуқарода 45 миллиард сўм солиқ қарздорлиги мавжуд бўлиб, улар энди тадбиркорлик фаолиятини тиклаш билан бир қаторда қарздорлик ҳисобидан чиқарилиши белгиланди. Бундай катта имконият ҳукуматимиз томонидан биринчи марта берилмоқда.
Бугун ушбу ҳужжат ижроси ва унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш ва тарғиб қилиш чораларини кўриш муҳим аҳамият касб этади. Негаки, унда кўрсатилган барча имкониятлар халқимиз, қолаверса, тадбиркорлик субъектлари учун фойдалидир. Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил бошчилигида Бош прокуратура, ҳокимликлар, Савдо-саноат палатаси, Марказий банк билан биргаликда тадбиркорлик ва молия-хўжалик фаолиятини тиклашда, шунингдек, уларнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказишда фаол ёрдам бериш учун вилоят, шаҳар ва туманларда фуқароларимиз билан учрашувлар ўтказилмоқда.
Конституциямиз ҳамда Солиқ кодексида ҳар бир шахс солиқлар ва бошқа тўловларни тўлашга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, энди қарздорлиги бор бўлган жисмоний ва юридик шахслар ўртасидаги мажбурий тўловларнинг қонун доирасида ижроси таъминланади.
Маълумки, бюджетга ва бюджетдан ташқари давлат мақсадли жамғармаларга тўланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ватанимиз сарҳадларини мустаҳкамлашга, халқимиз фаровонлигини оширишга ва уларнинг кучли ижтимоий ҳимоясини таъминлашга хизмат қилади. Акс ҳолда эса, солиқларни ўз вақтида тўламаслик, солиқ органи томонидан мажбурий ундирув сифатида судга мурожаат этилишига ҳамда суд ижро ҳужжати асосида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси томонидан чоралар кўрилиши белгилаб қўйилган.
Жумладан, қарздорлик мол-мулк ҳисобидан ундирилиши ёхуд уни чет элга чиқиши чегараланиши, жарима, ижро йиғими, давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланиши ўз навбатида солиқ қарзига қўшимча равишда молиявий харажатга олиб келади.
Президентимиз томонидан 2018 йил 17 апрель куни иқтисодиёт тармоқларида ҳисоб-китоблар тизимини такомиллаштириш, дебиторлик-кредиторлик қарзлар, шу жумладан, бюджет олдидаги қарзларни қисқартириш масалалари юзасидан ўтказилган мажлисда берилган топшириқлардан келиб чиқиб Давлат солиқ қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг 2018 йил 21 майдаги қўшма буйруғи ишлаб чиқилди ва 1121 нафар ходим тадбирларга жалб этилди.
Бундай чоралар натижасида 1,4 триллион сўмлик солиқ қарзига эга 39,9 мингта объектда тадбир ўтказилиб, 33,4 тасидан 1082,8 миллиард сўм маблағ хатлов жараёнида ундириб олинди. Шунингдек, 6 минг 461 нафар қарздорнинг 345,1 миллиард сўм қийматдаги мол-мулклари хатланди.
Албатта, бундай рақамлар ҳар биримизни солиқ тўловларига муносабатимизни ўзгартиради. Чунки бу тўловлар ватанимиз равнақи ва хавфсизлигини таъминлашдек эзгу ишларга ажратилади. Яна бир масала, жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи тўлов муддати тугашига 1 ойдан кам вақт қолаяпти, бугунги кунда йирик миқдорда солиқлар тўланмасдан турибди. Шу фурсатдан фойдаланиб, 15 октябрни кутмасдан тўловлар амалга оширилса, юқорида қайд этилгандек, бу маблағлар ўзимизга қайтиб келишини унутмаслигимиз керак.
Шундай экан, биз солиқ тўловларидан қочмаслигимиз, аксинча, ҳукуматимизнинг фаровон турмуш йўлида қилаётган ишларига “лаббай” деб жавоб бермоғимиз зарур. Бунда қонун билан белгиланган солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни белгиланган муддатларда ва тўлиқ амалга ошириш жуда муҳимдир.
Жаҳонгир Ражабов,
 
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
 
Солиқ қарзларини ундиришни ташкил этиш
 
бошқармаси бошлиғи

 

ЎзА