Ун, нон ва макарон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлашдаги долзарб масалалар муҳокамаси

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси матбуот анжумани ўтказди. Унда мамлакат аҳолисининг ун, қолипли нон ва макарон маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини таъминлашдаги долзарб масалалар муҳокама этилди.
“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси давлат эҳтиёжлари учун дон ва уруғлик харид қилиш, уларни жойлаштириш ва сақлашни таъминлаш ишлари билан шуғулланиб келади. Компания, шунингдек, дон маҳсулотлари тармоғи корхоналарининг дон етиштирувчи хўжаликлар билан ўзаро муносабатлар механизмлари – донни қабул қилиш, сифатини баҳолаш ва ҳисобга олиш масалаларини такомиллаштириш, дон сифатини назорат қилиш ва уни холисона баҳолаш тизимини яратишда ҳам масъулдир.
Тадбирда мазкур жараён компания тизимидаги 44 корхона ва ушбу корхоналарнинг 25 филиали, ун ишлаб чиқарувчи тегирмон, нон, макарон ва омихта ем, ёрма цехларида амалга оширилаётгани таъкидланди. Тизимдаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ўтган йилга нисбатан таҳлил қилинганда, 2018 йилнинг мос даврида 107,7 фоиз ўсишга эришилган.
Ишлаб чиқарилган уннинг асосий қисми, яъни 40 фоизга яқини “Оҳангарон дон” ва “Тошкентдонмаҳсулотлари”, “Ғалла Алтег”, “Шўрчи донмаҳсулотлари”, “Жомбой дон маҳсулотлари”, “Учқўрғон дон маҳсулотлари” ва “Дунё М” акциядорлик жамиятлари корхоналари ҳиссасига тўғри келган.
Нон маҳсулотлари эса “Фарғонадонмаҳсулотлари”, “Навоийдонмаҳсулотлари”, “Намангандонмаҳсулотлари”, “Сурхондарёдонмаҳсулотлари”, “Жомбой дон маҳсулотлари” ҳамда “Учқўрғон дон маҳсулотлари” АЖ корхоналарида энг кўп тайёрланади.

 

Моҳигул Қосимова, ЎзА