​Давлат ветеринария хизмати фаолиятидаги камчиликлар нималардан иборат?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитаси раисининг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари Дастури доирасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.
Дастур доирасида ветеринария соҳасининг норматив-ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, тизимдаги муассасаларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш, ҳайвонларнинг соғлиғини сақлаш ишларини самарали ташкил этиш, давлат ветеринария назоратини кучайтириш, эпизотик осойишталикни ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича муайян ишлар амалга оширилган.
Жумладан, Республика ҳудудига ҳайвонлар юқумли касалликлари кириб келишининг олдини олиш мақсадида қўшни республикалар билан чегара ўтиш жойларида, темир йўл станциялари, автомагистраллар ҳамда аэропортларда 23 та чегара давлат ветеринария назорати пункти ташкил қилинган.
Мамлакатимизда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини таъминлаш борасида истеъмолга яроқсиз деб топилган 122 тонна гўшт, 147 тонна сут маҳсулотлари ва 2 минг донадан ортиқ тухум утилизация қилинган. Касалликлардан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган профилактика ишлари доирасида 31 миллион бош чорва моли 8 турдаги ҳамда 67 миллион парранда 4 турдаги касалликка қарши эмланган.
Мажлисда Давлат ветеринария қўмитаси фаолиятидаги қатор камчиликлар ҳам қайд этиб ўтилди.
Хусусан, жойлардаги ветеринария бўлимлари ва ташхис марказлари (ветеринария лабораториялари) бинолари таъмирталаб аҳволда, айримларига эса ҳанузгача бино ажратилмаган. Ҳудудларда ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги марказлари ҳамда деҳқон бозорларидаги ветеринария-санитария экспертиза лабораторияларининг моддий-техник ҳолати ачинарли аҳволда, шунингдек истеъмолга яроқсиз деб топилган маҳсулотларни зарарсизлантириш учун бозорлар ҳудудида алоҳида жойлар ташкил қилинмаган.
Бугунги кунда чорвачиликка ихтисослашган 5 мингдан ортиқ фермер хўжалиги ва 2 мингга яқин паррандачилик хўжалигида ветеринария врачи штат бирлиги мавжуд эмас. Аҳоли истеъмоли учун етказиб берилаётган гўшт ва сут маҳсулотлари хавфсизлиги тўлиқ таъминланмаган. Хонадонларда ва бошқа рухсат этилмаган жойларда ҳайвонларни сўйиш, нобуд бўлган ҳайвонлардан олинган гўштларни ташиш, қайта ишлаш ва айрим ҳолларда сотиш ҳолатларига тўлиқ барҳам берилмаган. Ветеринария лабораторияларида текширувдан ўтказилмаган гўшт ва сут маҳсулотларини рухсат этилмаган жойларда сотиш ҳолатлари учраб турибди.
Бундан ташқари, муҳокамалар жараёнида ветеринария соҳасида илмий изланишлар салмоғи бугунги кун талабига мутлақо жавоб бермаслиги ҳам қайд этилди. Ветеринария илмий-тадқиқот институти тузилмасидаги мавжуд 17 та лабораториянинг атиги 8 таси 30 фоиз қувват билан ишламоқда, 9 таси эса умуман ишламаяпти. Институт асосан грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилиши сабабли кадрлар қўнимсизлиги даражаси юқори бўлиб, ёш олимларни тайёрлаш ишлари деярли тўхтаб қолган.
Тадбирда кўрсатиб ўтилган камчиликлар ва уларни бартараф этиш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.
Мажлисда сенаторлар томонидан соҳани ривожлантириш мақсадида чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликларида ветеринария врачи штат бирлигини ташкил этиш, шунингдек мазкур хўжаликларга аутсорсинг шартларида ветеринария хизматлари кўрсатишнинг аниқ ташкилий-ҳуқуқий механизмларини ишлаб чиқиш борасида тавсиялар берилди.
Мажлис якунида қўмитанинг Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари Дастурида белгиланган вазифаларни янада самаралироқ амалга ошириш юзасидан қарори қабул қилинди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА