ОНЛАЙН: Пенсия ҳисобварақларига 16,2 миллиард сўм нега кирим қилинмаган?

Сенатнинг эртага бошланадиган ўн олтинчи ялпи мажлиси олдидан қўмита мажлислари давом этмоқда.
Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси мажлисида «Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги қонуннинг Акциядорлик тижорат «Халқ банки»да ижро этилишини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди.
Тизим жорий этилганидан бошлаб 2018 йилнинг 1 июлигача нафақа ёшига етган ёки қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолатлар бўйича жамғариб бориладиган пенсия тўловларини олиш ҳуқуқи вужудга келган 1,2 миллион шахсга 450,2 миллиард сўм миқдорида маблағлар тўлаб берилган. 2017 йил якуни бўйича пул қадрсизланишига нисбатан тизим иштирокчилари ҳисобварақларига 324,5 миллиард сўм маблағ ҳисоблаб қўшилган.
Шу билан бирга, қонун ижроси жараёнида қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Жумладан, «Халқ банки»нинг транзит ҳисобрақамига пенсия таъминоти тизими учун иш берувчилар томонидан ўтказилган маблағларга ходимлар реестрлари берилмаганлиги сабабли 2018 йилнинг 1 июль ҳолатига 768 мингдан ортиқ тизим иштирокчилари ҳисобварақларига 16,2 миллиард сўм кирим қилинмаган.
Давлат солиқ қўмитаси ҳамда «Халқ банки» республика бошқаруви ўртасида реестр тақдим этмаган субъектлар тўғрисида ойлик онлайн маълумот алмашуви йўлга қўйилган бўлса-да, солиқ идоралари томонидан бу топшириқлар ижросига эътибор берилмаган.
Мисол учун, «Фарғона электр тармоқлари» корхонаси 10 та ҳолатда 3,3 миллион сўм, Наманган шаҳар “Лидер-Алфа сеcуритй” масъулияти чекланган жамияти 25 ҳолатда 1,1 миллион сўм, Бухоро вилояти Қоракўл тумани тиббиёт ходимлари касаба уюшмаси 6 ҳолатда 0,5 миллион сўм маблағларга ходимлар рўйхатини тақдим этмаган. Табиийки, бу ҳолатлар иштирокчилар маблағларига фоизларнинг ҳисобланмасдан қолишига сабаб бўлган.
Мажлисда сенаторлар бу каби муаммоларни ҳал этиш, қонун ижросини тўлақонли таъминлаш, тегишли вазирлик ва идоралар билан ўзаро ҳамкорликни қайта кўриб чиқиш ва унинг тизимлилигига эришиш, ахборот алмашувининг интерфаол усулларидан самарали фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Мажлис якуни бўйича қўмитанинг ушбу йўналишда қонунчилик базасини янада такомиллаштириш юзасидан қарори қабул қилинди.

 

Н.Абдураимова, ЎзА