Рақслар жозибасида халқлар удуми

Бугун кеч соат 19:00 да Тошкентдаги “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида хайрия концерти бўлиб ўтади.
Унда Игорь Моисеев номидаги Россия давлат академик халқ рақс ансамбли ўз чиқишлари билан ўзбекистонлик мухлисларини хушнуд этади.
“Ўзбекнефтгаз”, “Газпромбанк” акциядорлик жамиятлари ва “EriellGroup” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган ушбу тадбирга пойтахтимиздаги махсус таълим муассасалари ўқувчилари таклиф этилади.
Шу муносабат билан пойтахтимизнинг “Wyndham“ меҳмонхонасида Игорь Моисеев номидаги Россия давлат академик халқ рақс ансамбли бадиий раҳбари-директори, Россия халқ артисти Елена Щербакова журналистларга берган интерьюсида ушбу концерт икки миллат ўртасидаги маданий алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаб ўтди.
– Дунёга машҳур ансамбль 1937 йилда хореограф Игорь Моисеев томонидан ташкил этилган, – деди сўзини давом эттириб у. – 200 дан зиёд репертуарига эга жамоа шу кунга қадар 70 дан ортиқ давлатда ижодий сафарда бўлган. Жамоамиз ижросидаги Ўзбекистон, Юнонистон, Аргентина, Татаристон, Россия, Молдова ва бошқа мамлакатлар рақс маданияти намуналари бу санъатнинг ҳақиқий жозибасини очиб берган, дея оламан. 81 йиллик фаолияти давомида ансамбль ўзининг тарихини ярата олди. Чунки унинг 1943 йилда ташкил этилган хореография йўналишидаги мактабида болаларга халқ рақсларининг сир-асрори ўргатиб келинади. Бугун сизнинг эътиборингизга ҳавола этиладиган дастуримиз ҳам шу мактаб давомчилари томонидан ижро этилади. Дастуримиздан кўплаб миллат рақслари қаторида ўзбек халқ рақси ҳам ўрин олган. Ансамблимиз бундан 34 йил аввал юртингизда концерт дастурини намойиш этган. Бизнинг мақсадимиз эса ўзбекистонлик ёш авлод вакилларига ижроларимиз билан халқ рақсларининг нақадар нафислигини кўрсатиб беришдир.
Суҳбат давомида Елена Щербакова Тошкентдаги янгиликлар, хусусан, пойтахтимизнинг таниб бўлмас даражада ўзгариб, замонавий қиёфа касб этганидан жуда хурсандлигини билдирди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА