“Тараққиёт” танловида жамоатчилик мониторинги қандай ташкил этилади?

Президентимизнинг 2018 йил 30 майдаги “Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида“ қарорига мувофиқ ҳар 3 йилда истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танлови ўтказилади.
Қарорда “Тараққиёт стратегияси” марказига танлов ўтказилиши устидан жамоатчилик мониторингини амалга ошириш ва уни янада такомиллаштириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш, танлов якунларига бағишланган ахборот-таҳлилий шарҳларнинг давлат, рус ва инглиз тилларида тайёрланиши ва эълон қилинишини, шунингдек, кенг тарқатилишини таъминлаш тавсия этилган.
“Тараққиёт стратегияси” маркази мазкур танлов ўтказилишида жамоатчилик мониторингини шакллантириш, танловнинг шаффофлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Унга кўра, танлов номинациялари бўйича комиссия йиғилишларида жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этади. Танловнинг ҳар бир босқичи якуни бўйича танлов комиссиялари иштирокида брифинглар ўтказилади, ҳисоботлар доимий эълон қилиб борилади.
“Тараққиёт стратегияси” маркази танловни ташкил қилиш ва ўтказиш жараёнларининг мунтазам равишда телевидение, радио, интернет саҳифалари ва ижтимоий тармоқларда ёритилишини ташкил этади. Танлов ғолибларнинг қандай лавозимга тайинлангани тўғрисидаги маълумот оммавий ахборот воситаларида ва танлов веб-порталида эълон қилинади.

 

И.Аҳатова, ЎзА