Пойтахтимиздаги Ёшлар пресс-клубида “Ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган қисқа метражли фильмлар ва видеороликлар”, “Изҳор” миллий руҳдаги шеър ва ҳикоялар, “Ёш қўшиқ ижрочилари” республика танловлари ғолибларини тантанали тақдирлаш ҳамда “Ёшлар кутубхонаси” лойиҳасининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг ўринбосари Д.Каттахонова ва бошқалар юртимизда ёшларнинг ижодий салоҳиятини кашф этишга оид кўплаб лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилаётганини таъкидлади.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ёзувчилар уюшмаси, Республика ёш ижодкорлар кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Изҳор” миллий руҳдаги шеърлар ва ҳикоялар танлови улардан биридир. Танловга ижодкорларнинг 400 га яқин шеър ва ҳикоялари тақдим этилди. Экспертлар хулосасига кўра, 10 нафар иштирокчи ғолиб деб топилди.

“Ёшлар тарбиясига ижобий таъсир кўрсатадиган қисқа метражли фильмлар ва видероликлар танлови” Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” миллий агентлиги, Ёзувчилар уюшмаси, Миллий телерадиокомпания, Кинематографияни ривожлантириш маркази ҳамда Ёшлар медиа маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Танлов учун 30 ёшгача бўлган 130 нафардан ортиқ профессионал ва ҳаваскор ёшлар ижтимоий ролик, қисқа метражли фильм ва адабий-бадиий сценарийлар тақдим этди.

“Ёш қўшиқ ижрочилари” фестивали 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида мумтоз, эстрада, академик ижро, бахшичилик. йўналишларида ўтказилди. Танловнинг маҳаллий саралаш босқичларига 250 минг нафар ёш қамраб олинди. Бу танловнинг мутлақ ғолиблари Президент совғаси – пул мукофоти билан тақдирланди.

“Ёшлар кутубхонаси” лойиҳаси доирасида ҳар бир китоб камида 10 минг нусхада чоп этилиб, республикадаги барча мактаб, коллеж, академик лицей ва олий таълим муассасалари кутубхоналарига бепул тарқатилиши белгиланган. Шу билан бирга 2018-2019 йилларда чоп этиладиган 200 номдаги китоблар рўйхати шакллантирилди. Жумладан, жаҳон адабиётига оид 65 дона, ўзбек адабиётида доир 135 дона нодир асарлар чоп этилиши маълум қилинди.

 

Н.Усмонова, ЎзА